Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари ўртасида "Спорт – саломатлик гарови" шиори остида волейбол, шаҳмат, шашка ва стол тенниси бўйича спартакиада ташкилланди. Беллашувлар спорт мактаби ва 22-ўрта умумтаълим мактаби залларида ўтказилди. Ғолиблар ва иштирокчилар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитасининг диплом ҳамда эсдалик сов­ғалари билан тақдирланди.

Мазкур санага бағишланган тантанали маросимда бирлашма бошлиғи Д. Қодиров, туман адлия бўлими мутахассиси Б. Тўрабоев, тиббиёт бирлашмаси маънавий-маърифий ишлар мутахассиси С. Иброҳимовлар барчани байрам билан муборакбод этиб, Бош қомусимиз мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритдилар. Анжуман қатнашчилари юксак савияда ташкилланган маънавий-маърифий, спорт-кўнгилочар тадбирларидан бой таассурот олганликларини таъкидлаб, ташкилотчиларга миннатдорчилик изҳор этдилар.