Жорий йилда марказимизга даволашнинг юқори самарадор технологик воситалари келтирилди. Транскраниал магнитли стимулятор, озонотерапия қурилмаси, артрамот, тактил йўлакча, вертикализатор аппаратлари ногиронлиги бор беморлар саломатлигини тиклаш натижадорлигини тубдан яхшилаш имконини бермоқда. Айниқса, "Озонотерапия" русумли озон жамламаси катта аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда, озон моддаси ҳақида бир оғиз. Унинг нечоғлик фойдалилиги, шифобахшлиги, роҳатбахшлигини аслида ҳамма билади. Яъни, баҳор ва ёзда момақалдироқдан сўнг шивирлаган ёмғир пайтидаги ҳаводан вужудингиз яйрайди, беҳад ёқимлилигидан нафас олиб тўймайсиз. Руҳга ором, танга енгиллик бағишловчи ўша неъмат – озон бўлади.

Шу боис тиббиётда кўплаб касалликларни комплекс даволашда озондан кенг фойдаланиб келинмоқда. Озон терапияси – организмга кислороднинг реактив шакли бўлган озон моддасини инъекция, сув билан ичириш, нафас олиш, томизиш, озонга бой кремлар ва мойларни суртиш, озонли ванна каби усулларда киритишдан иборат. У организмда озонидларга парчаланади ва баданни кислород билан тўйинтиради. Озон энг кучли антиоксидант сифатида тананинг ҳимоя тизимини фаоллаштиради, эркин радикалларнинг шаклланишига тўсқинлик қилади ва иммунитет тизимини мустаҳкамлайди. Мазкур воситани, шунингдек, метаболизмни яхшилаш, оғриқни енгиллаштириш, диабет, астма, бўғим ва бел касалликларини даволаш, ўткир респиратор вирусли инфекциялар олдини олишда қўлламоқдамиз.

Озонли комплекс муолажалар танани кислород билан тўйинтиради, оғриқни бостиради, қон томирларини кенгайтиради, токсинлардан тозалайди. Яна метаболизмни тезлаштиради, бактериялар ва вирусларни заифлаштиради, яллиғланишни бартараф этади.

Озонатор бел оғриғи, остеохондроз ва қўшма оғриқлар, бурсит, артроз ва артритни даволашда катта самара беряпти. Бундан ташқари мазкур юқори технологик қурилма тери муаммолари, баъзи жинсий аъзолар инфекциялари, прос­татит, семизлик, варикоз, гипертензия, диабет муолажаларида қўл келмоқда.

Марказимиздагина мавжуд бўлган транскраниал магнитли стимуляция (ТМС) нейромодуляциянинг оғриқсиз ва ноинвазив воситасидир. У нейротрансмиссия, мия қон оқими ва нейротрофик омилларни модуляция қила олади. Миянинг пластициясига паст ёки юқори частотали стимуляция бериш орқали эришилади. ТМС билан неврологик, паркинсон, алтсгеймер, аутизм, мотор-нейрон, атеросклероз, болалар мия фалажи, мия апоплексияси касалликлари, орқа мия ва периферик нервлар шикастланиши, инсульт­дан кейинги асоратлар муваффақиятли даволанмоқда. Мазкур ускунанинг гиперактивлик, психиатрияга оид муаммолар – депрессия, анксиете, шизофрения, шикастланишдан кейинги стресс, уйқу бузилиши сингари ҳолатларни маромига келтиришдаги роли ҳам катта бўляпти.

Артромот ускунаси эса тизза ва сон бўғимлари жароҳатлари туфайли ногиронликда бўлган беморларни самарали реабилитация қилиш сифат ва самарадорлигини оширмоқда. Операция, инсультдан кейинги реабилитация қилиш, травматик контрактуралар, тромбоз, эмболиянинг олдини олиш, бўғимлар парвариши, баданнинг шикастли жойлари терисини тиклашда энг афзал воситага айланди.

Тактил йўлакча – мияни ривожлантириш, ногиронлиги мавжуд болалар ва катталарни реабилитация қилиш пайтида тактил идрокни ҳаракатлантириш, мушаклар сезувчанлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Жорий йил тўққиз ойида марказга 1000 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мурожаат қилди. Уларга юқоридаги замонавий технологиялар ёрдамида кўрсатилган реабилитацион муолажалар аввалгидан юқори натижалар берди.

Дилшодбек ҲОШИМОВ,

вилоят ногиронлиги бўлган

шахсларни реабилитация қилиш ва

протезлаш маркази директори.