Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида томорқа, кўчалар, дала четлари ва канал-коллекторлар атрофидаги ерларда озиқ-овқат ва даромадли экинларни экиб, активга айлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари пахта ва ғалла ерларининг 260 минг гектари озиқ-овқат етиштириш учун ажратилгани, яқиндагина яна 104 минг гектар ажратишга рухсат берилганини таъкидлади. Бу ноз-неъматлар етиштириш, экспорт ҳажмини оширишнинг муҳим омилидир.

Озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7-ўринга, мош ва бошқа дукакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди. Биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Ҳар ҳафта АҚШга 3-4 тонна узум етказиб берилмоқда.

Бу борада мўл, сифатли, шифобахш ҳосил олишнинг муҳим шарти бўлган мева ҳамда сабзавот экинларини сертификатлаш тобора катта аҳамият касб этмоқда.

– Сара уруғ ва кўчатдангина дармондорига бой, юқори сифатли мўл ҳосил олиш мумкин, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси шўъба бошлиғи Наримон Исомиддинов. – Фермер ё томорқа эгаси сотувчи "фалон мева кўчати" дея алдаб айтган ниҳолларни суриштирмай сотиб олиб экиб, йиллар давомидаги умри, харажати, меҳнатига ку­йиб қолган ҳоллар кўп бўлган. Нави айниган дарахт ҳосили иқтисодий томондангинга эмас, саломатлик нуқтаи назаридан ҳам ташвишлар келтирган. Шунинг учун кутилган шифобахшлик сифатига эга, ички ва ташқи бозорда харидоргир ноз-неъмат етиштириш учун кўчатлар лаборатор текширувлардан ўтказилган, турли касаллик унсурларидан холи эканлиги, нав­нинг дурагайлашмаганлиги, соғ­ломлиги тўғрисида кафолат берувчи мувофиқлик сертификатига эга бўлиши даркор. Эндиликда ҳукуматимизнинг "Маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш тартибларига оид низомларни тасдиқлаш тўғрисида"ги 502-сонли қарори асосида хўжаликлар, томорқа ерларига фақат мувофиқлик сертификатига эга бўлган мевали ҳамда ток кўчатларини экиш, улар парваришида агротехника қоидаларига қатъий риоя этиш, кўчат плантацияларидаги ниҳолларни апробациядан ўтказилиши ҳамда сертификатлаш устидан доимий назорат ва мониторинг юритмоқдамиз.

Дарҳақиқат, эски боғлар қайта таъмирланиб, янги-янги боғ ва токзорлар барпо этилмоқда. Бу жойларга сертификатланган, интенсив, тез ҳосилга кирувчи мевали дарахт кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда 3 минг 131 гектар майдонда замонавий усулда интенсив боғ яратиб, 3 миллион 381 минг дона кафолатланган кўчатлар экиш қатъий белгиланди. 365 гектар майдонда эса замонавий усулдаги узумзор барпо қилиб, 479 минг дона нав текширувидан ўтган ниҳоллар ўтқазиш инспекция назорати остида амалга оширилади. Бошқарма ва унинг бўлимлари ана шу мақсадда барча фермер хўжаликларида уруғчилик, кўчатчилик ва ва экиладиган маҳсулотларни сертификатлаш чораларини кўрмоқда. Айни пайтда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс­турлар ташкил этиб, сертификатлаш афзалликларини кенг миқёсда тушунтириш ишларини амалга оширмоқда.

Навбатдаги ана шундай тадбир Чортоқ туманидаги "Шарифбой ота Илҳоми" фермер хўжалигида бўлди. Бу ерда сертификатланган 40 минг тупдан ортиқ турли навдаги серҳосил ва қимматбаҳо бодом кўчатлари етиштириш тажрибалари билан танишилди.

– Хўжалигимиз боғдорчилик ва кўчатчиликка ихтисослашган, – дейди иш юритувчи Бобуржон Тиллабоев. – Авваллари қаерлардандир олиб келган уруғларимиз, кўчатларимиздан айтилган навлар чиқмай, катта-катта зарарлар кўрганмиз. Инспекцияга, хусусан, унинг "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини баҳолаш маркази" хўжаликни тараққиёт йўлига олиб чиқди. Марказ текшириб, кафолат берган бодом ва бошқа мева кўчатлари Наманган ва қўшни вилоятлар боғбонлари томонидан юқори баҳоланиб, талаб йилдан-йилга кучаймоқда.

Хўжалик боғларига экилган дастлабки сифати кафолатланган дарахтлар бугун эндигина униб чиққан ниҳолларга улаш учун "оналик" вазифасини ўтамоқда. Ишончли кўчатлар "Яшил макон" давлат дастури ижросини тўлақонли адо этиш, маъмурчилик ва ҳамюртларимизнинг дармондорига бой ноз-неъматлар билан таъминлашни янги босқичга олиб чиқади.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.