"... Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлиги ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда ушбу Конс­титуцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз". Бу сўзлар 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг "Муқаддима"сида битиб қўйилган. Дарҳақиқат, мамлакатимиз тараққиётининг, халқимиз муносиб ҳаётининг қонуний кафолатини берувчи Конституциямиз бизлар учун нақадар муқаддас ва қадр­ли. Чунки 32 йилдан буён эзгу ният билан яшаётган кўпмиллатли халқимиз ўзининг барча ҳуқуқларидан баҳраманд, айни маҳалда мажбурият ҳисобланмиш қатор бурчларини ҳам сид­қидилдан адо этиб келмоқда. Натижада истиқлол ислоҳотлари муттасил юксак самаралар бермоқда. Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил одимлар ташланмоқда.

Қутлуғ кун арафасида бахтимиз қомуси ҳисобланган Бош қонунимиз тарихини яна бир бор эслаб ўтишнинг ўзиёқ кўнглимизга ўзгача ғурур-ифтихор бағишлайди. Яхши биламизки, мус­тақил мамлакатимизда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, агар таъбир жоиз бўлса, барча қонунларимизга она бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар бир янги қонун унинг талаблари асосида яратилаётгани табиий ҳол. Энг муҳими, ҳамма фуқароларнинг ҳуқуқлари тенг, бурчлари бир хил.

Ҳаётимиздаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, янгиланган, давр билан ҳамнафаслик мужассамланган мукаммал ифодали Конституциямиз 155 та моддани ўз ичига олган. Уларда 434 та норма мужассам. Дастлабки 1-моддасида: "Ўзбекистон – бошқарувнинг Республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат." дея қатъий белгилаб қўйилган. Бу, бежиз эмас. Чунки, давлатимизнинг беш муҳим сифати қайд этилган. Ҳар бирининг маъно-моҳияти сиз билан бизнинг бугунимиз ва эртамизнинг, озод ва обод Ватанимизнинг ишончли кафолатини англатади. Мустақил давлатимиз барқарорлигининг, халқимиз давлат бошқарувида фаол қатнашиши бардавомлигининг, ҳеч бир инсон меҳр-эътибордан четда қолмаслигининг, инсонпарварлик тамойили устуворлигининг қонуний ҳимояси ана шундай мустаҳкам асосга эга.

Қонунлар қомусининг 2-моддасида ёзилганидек: "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар". Агар теранроқ идрок этсак, давлатимизнинг куч-қудрати халқимизнинг, фуқароларимизнинг соғу омонлигида, фаровон ҳаёт кечиришида. Мадҳиямизда:

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр! -

деб куйлашимиз замирида Ватанимизнинг бугунги авлодларини ҳам буюк аждодларимизнинг руҳлари қўллаб-қувватлаб туришида. Хал­қимизнинг улкан бунёдкорлик йўлидаги фидокорлиги-ю, бунинг кундан-кунга юксак натижалар касб этишида.

Конституциямиздаги барча моддаларда сиз билан бизнинг ҳуқуқларимиз ҳамда мажбуриятларимиз тўла-тўкис акс эттирилган. Ҳаётий шароитларимиз ва имкониятларимизнинг ҳаммаси – адолатли қонунимиз шарофатидан. Ҳуқуқларимиз кўпдан-кўпу, бурчларимиз ҳам борлигини унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Бу, гўё ҳуқуқларимиз – ҳақдорлигимизу, бурчларимиз – фарздорлигимиз эмасми?! Худди ўшандай! Ахир, ҳаёт тарозисининг ўзи икки паллалидир. Унинг мувозанати ҳар биримизнинг ҳалол ва фаол яшашимизда, виждонимиз поклигида, элу юртга меҳру муҳаббатимиз зиёдалигида.

Зеро, ҳаёт тарозисининг икки палласи бизни фуқаро сифатида жамиятга муносабатимиз мезонини белгилайди. Шу боис, ҳар иккиси жамият тараққиёти таянчи ҳисобланади, ҳар иккиси доирасидаги амалиётимизга қараб ижтимоий фаоллигимиз баҳоланади.

Аввало, давлатнинг барқарорлиги, жамият аъзоларининг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғломлигида. Конституциямизнинг 48-моддасида: "Ҳар ким соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпедемиологик осо­йишталигини таъминлаш чораларини кўради.

Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади", деб белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда Конституция нормаларига мувофиқ яшаяпмиз, истиқлол ислоҳотларини изчил амалга оширяпмиз.

Ҳозир бутун халқимиз Конституция қабул қилинган санани муносиб нишонлаш тараддудида. Яқинлашиб келаётган қутлуғ айём муборак бўлсин!

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.