Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида Тиббиёт ходимлари куни нишонланади. Шарафли касб эгалари бу йилги байрамни ҳам эл саломатлигини сақлашда катта ютуқлар билан қарши олдилар. Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуида бўлиб ўтган тадбирда соғлиқни сақлаш тизими ходимларига иззат-икром кўрсатилди.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов тиббиёт жамоатчилиги вакилларини касб байрамлари билан қутлади. Президентимиз раҳнамолигида соҳа фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашни ташкил этиш, тизим моддий-техник имкониятларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган хайрли ишлар кўлами ортаётганлигини таъкидлади. Тиббиётдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ тизимда ижобий ўзгаришлар қайд этилаётганлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда Президент Фармонига кўра Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган соҳа илғорларига орден ва медаль тантанали равишда топширилди. Жумладан, Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Хафиза Мухторовна Жалоловага II даражали "Соғлом авлод учун" ордени ва Мингбулоқ туманидаги "Med Layt" хусусий клиникаси раҳбари, шифокор-терапевти Улуғбек Эргашалиевич Мусаевга "Шуҳрат" медали берилди.

Шодиёнада узоқ йиллар самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаолларга "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонлари ва вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Вилоятимиз санъат усталари ижросидаги катта концерт дастури байрамга ўзгача файз бағишлади.