Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва АОКА вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Инвестиция, саноат ва савдо бошқармаси биносида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" доирасида амалга оширилиши зарур бўлган тадбирлар муҳокама қилинди.
Анжуманда "Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси", "Ҳудудгаз", Ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туман ҳокимликлари эса анжуманга Zoom орқали қўшилди.
Тадбирда ёнғин, чақнаш, ис газидан заҳарланиш ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар берилди. Куз-қиш мавсумида хавфсизликни таъминлаш ва аҳолини хабардор қилиш учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги ойлиги доирасида аҳолига хавфсизлик қоидалари, газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш ҳақида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб бориш муҳимлиги таъкидланди. Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоблар берилди ва чора-тадбирлар ҳақида қўшимча маълумотлар тақдим этилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати.