Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази фаолияти" мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида ўтган тадбирга республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, вилоят матбуот ва телерадиокомпанияси, интернет нашрлари вакиллари, блогерлар таклиф этилди.
Конференцияни вилоят ҳокимининг матбуот котиби, ахборот хизмати бўйича маслаҳатчиси Илҳомжон Раҳматов олиб борди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳожиев инсон қадрини кўтариш учун амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, дастлабки қувончли натижаларга тўхталди.
– Тизим тартиб-тамойиллари, айниқса, "Инсон" ижтимоий хизмат марказлари ҳақидаги муҳим тушунчаларни аҳолига етказишда сизларнинг ролингиз катта аҳамиятга эга, – деди Иброҳим Икромович. – "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари бошқарманинг шаҳар, туманлардаги бўлимидир. Мақсади ижтимоий химояга муҳтож аҳоли қатламига маҳалла даражасида комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйишдан иборат. Улар оғир аҳволга тушиб қолган ёки тушиб қолиш хавфи бўлган шахслар ва оилаларга индивидуал ёндашув асосида маҳалла даражасида комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшайдиган ёки ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйда парвариш қилиш ва қўллаб-қувватлаш, реабилитация ҳамда санатор соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш тизимини ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш, уларга сифатли реабилитация ҳамда руҳий-ижтимоий хизматлар кўрсатилишини таъминлайди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган шахслар билан ишлаш ҳамда тазйиққа учраган хотин-қизлар, кексалар ва вояга етмаганларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатади.
Энг эътиборлиси шундаки, маҳалладаги ижтимоий ходимлар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахс ёки оилани "Кейс менежмент" орқали баҳолашдан ўтказиб, нафақат давлат томонидан кафолатланган ёрдам ва хизматларни олишга кўмаклашади, балки оиланинг кучли томонларидан фойдаланиб уларни оғир вазиятдан олиб чиқишга ёрдамлашади.
Ана шу вазифалар ижросининг амалий намунаси Давлатобод тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази фаолияти мисолида тақдим этилди. Марказ раҳбари Шерали Ҳамроев оилаларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, ижтимоий хизматлар ва ёрдамни ташкил этиш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятни ҳаётий мисоллар асосида ёритиб берди.
Қизғин савол-жавоблар янги тизим ва унинг жамият равнақи, халқимиз фаровонлигида нечоғлик катта аҳамият касб этишини чуқур англаш имконини берди.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.