Вилоят мусиқали драма театрида Тиббиёт ходимлари куни олдидан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унга соҳада хизмат қилаётган энг фаол шифокорлар, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари ҳамда меҳнат фахрийлари таклиф этилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев барча саломатлик посбонларини байрам билан қутлади. Нотиқ кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ишлар кўлами ортганлигини мамнуният билан таъкидлади. Айниқса, соҳада кечаётган ислоҳотлар янада жадаллашиб бормоқда. Тиббий хизмат сифати яхшиланиб, самарадорлиги ўсмоқда. Шифокору ҳамширалар меҳнатини қадрлаш, уларни муносиб рағбатлантириш масаласига устувор аҳамият бериляпти.
Тадбирда "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик танловининг "Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам шифокори", "Йилнинг энг яхши онкологи", "Йилнинг энг яхши санитария-профилактика шифокори" ва "Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси" номинациялари ғолиблари рағбатлантирилди. Шунингдек, "Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи" кўрик танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган ҳамширалар ҳам шарафланди. Ғолиб ва совриндорларга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари тантанали суратда топширилди.
Санъаткорлар ижросида театрлаштирилган чиқишлар ва катта концерт дастури намойиш этилди.