Шуни мамнуният билан эътироф этиш лозимки, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ халқ турмуш фаровонлигини юксалтиришда юқори натижалар қайд этилмоқда. Айниқса, ижтимоий соҳани ривожлантиришга устувор аҳамият бериляпти. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятида ҳам беқиёс ўзгаришлар юзага келмоқда. "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиори остида кечаётган жадал жараёнлар туфайли соҳада муттасил ижобий натижалар қайд этилмоқда. Яқинлашиб келаётган Тиббиёт ходимлари куни арафасида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди ИМИНОВ билан мулоқотимиз шу ҳақда кечди.

 

– Абдулҳоди Муҳиддинович, бугунги тиббиёт кечагисидан тубдан фарқ қилади. Даволаш-профилактика ишлари мутлақо янги босқичга кўтарилган. Соҳага янги инновациялар татбиқ этилмоқда. Моддий-техник имкониятлар тобора равнақ топаяпти. Суҳбат аввалида шу тўғрида фикрлашсак.

– Албатта, тиббиётда ислоҳотлар қизғин бормоқда. Бу, давлатимиз раҳбарининг соҳага алоҳида эътибори ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратаётганлиги туфайли, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Соғлиқни сақлашда рўёбга чиқарилаётган муҳим янгиланишлар Президентимизнинг йўл-йўриқ ва кўрсатмалари амалда изчил бажарилаёт­ганидан далолат беради. Соҳа ходимлари зиммадаги бурч ва масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда элимизга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш учун астойдил изланмоқдалар. Айни маҳалда давлат тиббиёт муассасаларида иш олиб бораётган 5 минг нафардан зиёд шифокорлар, 30 минг нафардан ортиқ ҳамширалар, кўп сонли мутахассислар ва кичик тиббиёт ходимлари ана шу эзгу мақсадни дилларига жой қилганлар.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш соҳамизнинг энг олий вазифасидир. Бунга эришиш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Шу билан бирга хизмат даражасини юксалтиришга қаратилган интилишларимиз кўлами ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, тизим моддий-техник имкониятларини замон талаблари асосида такомиллаштириш диққатимиз марказида турибди. Жорий йилнинг ўзида Инвестиция дастури бў­йича 65 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари ўзлаштирилиши ҳисобига қайта таъмирланган ва янгидан қуриб битказилган тиббиёт масканлари аҳолига катта қулайлик яратди.

Республика травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали биносининг фойдаланишга топширилиши, мазкур муассасани юқори сифатли хорижий тиббиёт анжомлари билан жиҳозлаш учун 10 миллион евро миқдорида маблағ йўналтирилаётганлигининг ўзиёқ соҳа тараққиётининг изчиллигидан далолат беради.

– Шу ўринда кадрлар салоҳиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Албатта, янги технологиялар, инвестициялар ва инновацияларни амалиётга татбиқ этувчилар – малакали тиббиёт кадр­ларидир. Шунинг учун ҳам уларнинг билим ва малакасини, касбий маҳоратини ошириш масаласи ҳамиша муҳим аҳамиятга эга. Бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Биринчидан, республикамиз етакчи тиббиёт муассасалари тажрибали мутахассислари иштирокида ўқувлар ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг ўзида юзлаб шифокорнинг билим ва тажрибаси бойитилди. Бундан ташқари ўнлаб вакилларимиз Туркия, Озарбайжон, Россия Федерацияси ва Беларусь давлатларига малака ошириш учун юборилди.

– Дарҳақиқат, бирламчи тизим имкониятларини янада кенгайтириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилашда ҳам катта ўзгаришларни кўриб турибмиз. Қуйидан бошланган астойдил ҳаракатлар ўзининг қувончли самараларини бермоқда.

– Худди шундай. Жорий йилда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишини тубдан яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 14 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 82 та оилавий поликлиника, 101 та оилавий шифокорлик пункти одамлар энг кўп мурожаат этадиган муассасалардир. Аниқроғи, халқ саломатлигини янада яхшилашга эришиш учун, аввало, мана шу бўғин янада самарали ишлашини таъминлаш зарурлигини инобатга олиб, таянч нуқталаримиз фаолиятини янги босқичга кўтариш чора-тадбирларини кўрмоқдамиз.

– Аслида, ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари ходимларининг аҳоли ўртасидаги фаолияти ҳам мазкур бўғин иши билан узвий боғлиқ-да.

– Тўғри айтдингиз. Бирламчи бўғин билан биргаликда онкологик, эндокринологик ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш таъминлаб борилаётир. Вилоятдан сафарбар этилган саломатлик посбонлари ҳудудлардаги тиббий бригадалар билан ҳамкорликда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказишмоқда. Хонадонма-хонадон кирилиб, юртдошларимизга манзилли тиббий хизмат кўрсатилаётир. Жорий йилнинг ўзида скрининг текширувларида аниқланган онкологик, эндокринологик ва юрак-қон томир хасталикларини даволаш учун зарур чоралар кўриб келинмоқда.

– Оналик ва болалик муҳофазасига қаратилган ишлар кўлами ҳам кенгайиб бораётганлигини рақамлар яққол тасдиқлаб турибди.

– Бу масала доимо муҳим аҳамият касб этади. Зеро, оналар соғлиғи, келажагимиз ворисларининг баркамол улғайиши миллатимизнинг эртаси учун ўта муҳимдир. Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоятимизда филиали, ҳудудларда перинатал бўлимлари очилган. Бу масканлардаги саъй-ҳаракатлар соғлом авлодни дунёга келтириш, оналар ва чақалоқлар саломатлигини таъминлашга қаратилгандир. Шу билан бирга репро­дуктив саломатлик тарғиботи, "Соғлом ҳомиладорлик – соғлом келажак" тадбирлари йўлга қў­йилган.

– Кўряпмизки, кейинги йилларда яратилган кенг имкониятлар боис давлат тиббиёт муассасалари билан биргаликда хусусий тиббиёт шохобчалари тармоғи ҳам ривожланмоқда. Бу, шубҳасиз, аҳолига янада қулайлик туғдирмоқда.

– Тўғри, вилоятимизда шу йилнинг ўзида 23 та нодавлат тиббиёт муассасаси очилди. Улар сони бугунга келиб салкам 600 тани ташкил этмоқда. Қолаверса, тиббий хизматлар сифати ўсиб, кўлами ҳам анча кенгайди.

– Соҳага янги иш услубларини татбиқ этиш орқали тизим фаолиятини юқори даражага кўтариш борасидаги ишлар ҳақида ҳам фикр юритсангиз.

– Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам хизмат кўрсатиш даражасини юксалтиришга эътибор кучайтириб бориляпти. Соҳани рақамлаштириш орқали тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Бу ўз навбатида беморлар ва ташриф буюрувчиларга катта қулайлик яратмоқда. Натижада вақтни тежаш билан бирга хизмат тезкорлигини ҳам таъминлаяпти. Яъни, тиббий хизмат замон талаблари, давр руҳига ҳамоҳанг равишда янги босқичга кўтарилмоқда. Яқин орада бутун вилоят тиббиёти мана шу тизим асосида ишлашга ўтказилади.

– Энди энг муҳим янгилик– давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга тайёргарлик қандай бораётганлигига тўхталсангиз.

– Тиббиётнинг келажаги давлат тиббий суғуртаси механизм­ларини татбиқ этиш билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбарининг бу ҳақда тегишли қарори қабул қилинган. Вилоятимизда ҳам янги шароитда хизмат кўрсатишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга ҳудудларда давлат тиббий суғуртаси асосида ишлашнинг мазмун-моҳияти, аввало, тиббиёт ходимларининг ўзларига батафсил тушунтирилмоқда. Беморларга мақсадли ва манзилли тиббий хизмат кўрсатишда тиббий суғуртанинг ўзига хос устун жиҳатлари бор.

– Узоқ умр кўришнинг муҳим шарти соғлом ҳаёт кечиришдир. Суҳбатимиз якунида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги фаолият ҳақида тушунча ҳам бериб ўтсангиз.

– Мамлакатимизда "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" умуммиллий ҳаракати жорий қилинган. Маҳаллаларда "Саломатлик мактаблари" очилган. Аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар доимийлиги таъминланмоқда. Ҳудудларда соғломлаштириш тармоқлари кенгаймоқда. Пировардида одамлар тасаввурида ўз саломатлиги учун қайғуриш, носоғлом одатлардан тийилиш, бўш вақтни жисмоний тарбия ва спортга сарфлаш ғоят фойдали эканлиги ҳақида керакли тушунчалар пайдо бўлади. Бу жуда катта омил.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Сизни ва сиз орқали кўп минг сонли вилоятимиз тиббиётчиларини касб байрами билан қутлаймиз. Халқимиз саломатлигига эришишга қаратилган эзгу ишларингизда янада янги муваффақиятлар ёр бўлишини истаб қоламиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.