Норин тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 18-оила поликлиникасининг Қўшариқ маҳалла тиббиёт пунктида ишловчи умумий амалиёт шифокори Мирзоҳид Тўланов, ҳамшира Озода Солижонова, патронаж Маҳлиё Аҳмедова, Гуласал Иномжонова 2600 нафар аҳолига хизмат кўрсатадилар. Иккита кундузги ўрин, кўплаб турдаги текширув ускуналари ва дори-дармонлар етарли таъминланаётганлиги самарали фаолият омили бўляпти.
Фидойи жамоа йил давомида тўрт маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этди. Скринингга жалб этилган 682 фуқаронинг 64 нафарида юрак-қон томир касаллиги, 5 кишида қандли диабет касаллиги эрта босқичда аниқланиб, барвақт даволашга эришилди.
35-55 ёш оралиғидаги аёлларга бачадон бўйни саратони бўйича калпоскопия текшируви қўлланилди. Касаллик аломати кузатилган 4 нафар аёл вилоят ва туман шифохоналарида жарроҳлик воситасида бепул даволанди. Соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик тадбирлари мунтазам амалга ошириляпти.
Суратда: пункт ҳамширалари О. Солижонова, М. Раҳимова, М. Аҳмедова.