"Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи" кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Қундузхон Баротова (суратда ўртада) "Ўз ҳудуди аҳолиси ардоқлаган патронаж доя" номинацияси ғолиби деб топилди.
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлашнинг оналар ва болалар саломатлиги йўналишида натижадор тизим яратилди. Президентимиз ташаббуси билан тиббий бригадалар таркибида доя ҳамшираси штати жорий қилингани бирламчи тизимда оналар ва болалар саломатлигини асраш борасидаги тарихий ўзгаришлардан бири бўлди. Бу лавозимларда ишлаётган ўрта тиббиёт ходимлари болалар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олишга муваффақ бўлмоқдалар. Улар эришаётган тажрибалар, илғор иш усулларини оммалаштириш, машаққатли ва мароқли фаолиятларини рағбатлантириш мақсадида "Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи" кўрик-танлови жорий этилгани айни муддао бўлди. Мазкур тадбир патронаж дояларни ўз устиларида тағин ҳам изчилроқ ишлаш, лавозим мажбуриятларини замон талаблари даражасида бажариш, аҳоли розилиги ва ардоғига эришишга қизғин иштиёқ уйғотмоқда.
Поп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника тиббий бригада патронаж дояси Қундузхон Баротова ҳам ана шундай кўтаринкилик, ишчанлик руҳида фаолият олиб бормоқда. Унинг тажрибаларига назар ташлайдиган бўлсак, ҳомиладорларни юқори малакали антенатал парваришлаш самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётгани аён бўлади.
Қундузхон уларни 12 ҳафтагача ҳисобга олиш, антенатал кўрикларини ташкиллаш ва оила шифокори берган тавсияларга тўлиқ амал қилишларига қатъият билан ёндошади. Диспансер кузатувига олинганларнинг уйларида патронаж назоратини канда қилмайди.
Хавф гуруҳидаги ҳомиладорларни эса 16-20 ҳафталик муддатларда скрининг текширувига, ирсий касалликлар ва туғма нуқсонларни эрта аниқлаш мақсадида перинатал текширувларга ўзи олиб боришни одат қилган. ОИВ инфекцияси бўйича маслаҳат ва тестдан ўтишларида ҳам бош-қош. Шошилинч ҳолатларда соматик ва акушерлик патологияси бўлган ҳомиладорларни ўз вақтида шифохонага ётқизишда бирламчи тиббий-санитар ёрдам муассасалари, туғруқ комплекслари, тез ва шошилинч тиббий ёрдам станциялари ҳамда бошқа ДПМ ўртасида ўрнатилган доимий алоқадан самарали фойдаланишнинг ҳам ҳадисини олган.
Ҳудуддаги аёллар туғруқдан кейинги ҳолатлари, чақалоқларининг патронажи ва диспансер кузатуви борасида доялари қўллаётган универсал-прогрессив модель хизматидан жуда ҳам миннатдор.
Қаҳрамонимизнинг эрта ёшда ва 35 ёшдан катта аёлларда ҳомиладорликнинг олдини олиш, интергенетик интервални сақлаш, ҳомиладорликка нисбий ва мутлақ монеълиги бўлган аёлларда оғироёқликдан сақланишга қаратилган санитар-оқартув бўйича тўплаган тажрибалари ҳам барчага ўрнак бўлгулик.
Доя ютуқларининг яна бир боиси шуки, у ҳомиладорлар, оналар ва болалар саломатлиги, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича касбий малакасини узлуксиз ошириб боради.
Қ.Баротованинг оилаларда ҳомиладор ҳаётига хавф соладиган омилларни чуқур ўрганиши, аниқланган хатарларга мос индивидуал кузатувлар, тиббий-маърифий суҳбатлар олиб бориши соғлом ҳомиладорлик, муваффақиятли туғруқлар гарови бўлаётгани қувонарли. Булардан ташқари, "Соғлом она" хонаси, маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар даврасида қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳ, эрта турмуш оқибатлари, интергеник интервал, исталмаган ҳомиладорлик, бола парвариши ва бошқалар бўйича ойига икки марта тиббий-маърифий суҳбатлар ўтказиб келмоқда. Фидокорона хизматлари уни ҳудуд аҳлининг розилигига мушарраф этмоқда.
Қундузхон Баротовани ҳамкасблар номидан қутлаб, хайрли фаолияти янада самарадор бўлишини тилаймиз.
Мана шундай фидойи доялар сафи кенгаяверсин!
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.