Шокиржон ҲАЙДАРОВ,

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.

Истиқлол ислоҳотлари кимни қувонтирмайди, кимни мамнун этмайди. Хусусан, тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар ҳайрату эътироф уйғотиши табиий ҳол. Сабаби, "Кеча қандай эди-ю, бугун қандай?" – деган савол хаёлимизни банд этади. Беихтиёр кўнгилларимизни қониқиш ҳисси қамрайди. Шу соҳада ишлаётганингдан фахрланиб кетасан.

Тиббиётга бўлган эътибор нақадар юқорилигини қалбдан ҳис қилиш учун шаҳримизнинг қоқ ўртасидаги кўп тармоқли марказий поликлиникамизнинг аввалги ҳолати билан бугунги қиёфасини қиёслаб кўришнинг ўзиёқ кифоя, деб ўйлайман. Бундай қурилиш-таъмирлаш аслида осон эмасди, лекин уддаланди, миллионлар эмас, мил­лиард­лар ажратилди. Ҳаммаси халқ­қа ҳар қачонгидан кўра яхшироқ, сифатлироқ, самаралироқ тиббий хизмат шароитини соз­лаш, қулайликларни тўла-тўкислаш учун сарфланди. Фақат битта шу мисолнинг ўзиёқ ислоҳотларимиз инсон учун, унинг соғу саломат яшашини кафолатлаш учун амалга оширилаётганининг ёрқин исботидир.

Албатта, 10 та оилавий поликлиникамизнинг ҳозирги бинолари ҳолати, жамоаларнинг билими, даволаш салоҳияти, беморларга кўрсатилаётган ташхислаш ва даволаш сифати ҳам чакки эмас. Сабаби, ҳамшаҳарларимиз энг аввал шу муассасалардаги врачу ҳамшираларга мурожаат қилишади. Маҳаллаларнинг ичида, яқинида жойлашгани бу борада уларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг етарли эканини билдиради.

Эътиборли ва эътирофли жиҳати – оилавий шифокорлар ўз номига яраша ҳар бир оила саломатлиги учун масъул. Уларнинг ёрдамчилари – патронаж ҳамширалар кўчама-кўча юриб, уйма-уй кириб, катта-кичиклар аҳволи билан танишиш, соғлиқларини доимий назоратда тутиш билан машғул бўлишмоқда. Ҳар бир оила ўз врачи, ўз ҳамшираси кимлигини яхши билади, зарур пайтда қийналмай алоқага чиқади, ўзларининг саломатликларини ҳимоялашда, сақлашда улар маслаҳатидан, муолажаларидан муттасил фойдаланишади.

Ҳеч ким, ҳеч қачон меҳр-эътибордан четда қолмайди. Чунки, режали тиббий кўриклар ўтказиш одат тусига киритилган. Жумладан, 2-10 ёшли 56 минг нафардан зиёд ўғил-қизларда гелминтозни, 3-18 ёшли 88 минг­дан кўпроқ болаларда онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш текширувлари ўтказилди. Катта ёшдагилар ўртасида юрак қон-томир, аёлларда бачадон бўйни, кўкрак бези саратонини барвақт аниқлаш учун тиббий кўриклар ташкилланди. Салкам 100 минг аҳоли бу тадбирларда қатнашди. Энг муҳими, хасталик аломатлари мавжудлигига ойдинлик киритилганларнинг қатнаб ёки ётиб даволанишларига зарур имкониятлар яратиб қўйилди.

Ҳозирда ҳар бир оиланинг тиббий картаси электронлаштирилган. Компьютер орқали кирилса, зум ўтмай керакли маълумотлар мониторда кўринади. Врачларимиз аҳоли ва унинг саломатлиги манзарасини яхши билган ҳолда фаолият олиб боришмоқда. Тиббий бригадалар фаолиятини аниқ мақсадли йўналтиришга эришилмоқда. Шифокор ва бемор алоқасининг барқарору бардавомлиги туфайли хасталанишларнинг олди олинмоқда. Ҳисобда ва назоратда турувчи беморлар дардига кечикмасдан даво топиш, аҳволини енгиллаштириш борасида изчил чоралар кўрилмоқда.

Касални даволаш билан бирга унинг олдини олиш зарурати эмлаш ишларини тақвимга биноан ўз вақтида, тўла ва сифатли амалга оширишни тақозо қилади. Шунинг учун барча оилавий поликлиникаларимизда чақалоқлар, болалар ва ўсмирларни турли касалликларга қарши эмловдан ўтказиб келинмоқда. Қолаверса, юқумли касалликлардан сақланиш омиллари аҳолига тушунтирилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёши улуғлар ўртасида фаол ҳаракатланиш сернафлиги тарғиботини тобора кучайтиряпмиз.

Байрам арафасида Шоира Мадраҳимова, Гулчеҳра Юнусова, Шоира Иминова, Муқаддас Домлажонова, Жамила Маллаева каби оилавий шифокорларимизнинг, Гулчеҳра Жўраева, Гулзира Қирғизова, Матлуба Боқижонова, Шаҳноза Мамадалиева, Роҳила Мамасиддиқова сингари патронаж, умумий-амалиёт, оила ҳамшираларининг исми-шарифларини алоҳида тилга олишга бурчлимиз. Улар 1, 2, 3, 4, 9, 12, 14-оилавий поликлиникаларда сидқидилдан хизмат қилишиб, ўзларининг юқори натижалари билан жамоаларидаги ҳамкасбларига шахсий намуна кўрсатишмоқда.

Мутахассисларимизнинг касбий билим ҳамда малакаларини ошириш доимий диққат марказимиздаги масала ҳисобланади. Фақат мамлакатимиз пойтахтида эмас, ҳатто хорижга чиқиб, ўқиб-ўрганиб қайтган ходимларимиз сафи муттасил кенгаймоқда. Яқинда шаҳримиз туғруқ комплексининг саккиз нафар врачлари Беларусь давлатининг Минск вилояти клиник туғруқхонасида бўлиб, малакаларини янада бойитиб келдилар.

Шаҳримиздаги қайси бир муассасага кирманг, у ерда шифокорлар ҳам, беморлар ҳам хурсанд эканликларининг шоҳиди бўласиз. Боиси, шароитлари соз, машаққатлари оз. Тиббиётчилар ҳузурларига кирган ҳар бир нажотталабни очиқ чеҳра билан кутиб олишади, шикоятини тинглашади, зарур муолажани буюришади. Беморлардан илгарилари кўп эътирозлар тушган бўлса, эндиликда ижобий ўзгаришларнинг эътирофи эшитилмоқда. Бу, Президентимизнинг тиббиётга ҳамиша эътиборлари баландлиги туфайлидир. Халқимизни шундай Ватанда яшаётганидан шукроналик кайфияти ҳеч қачон тарк этмасин! Фуқароси соғлом юртнинг кучу қудрати йилдан йилга ортаверади. Шундай эзгу вазифани адо этишдан сира-сира чарчамаймиз.