Пойтахтимиздаги "Бунёдкор" спорт мажмуасида

тиббиёт ходимларининг II республика спартакиадаси

бўлиб ўтди. Унда ҳамюртларимиз зафар қучдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ – 6099-сонли Фармони мамлакатимизда спортни янада кенг тус олдиришнинг янги истиқболларини очди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши томонидан тасдиқланган "Тиббиёт муассасалари ходимлари ўртасида спартакиада мусобқаларини ташкил қилиш тўғрисида"ги қўшма қарорга биноан 2023 йилдан республика тиббиётчиларининг спартакиадаси ўтказила бошланди. Бу соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган ўн минглаб тиббиётчиларни спортга ёппасига жалб этиш имконини берди.

Биргина вилоятимизнинг ўзида дастлабки турнинг ҳудудий босқичларида 12 минг нафар иштирокчи қатнашди. Жорий йил спартакиадасида эса бу кўрсаткич 15 мингдан ортди. Вилоят босқичида 63 аёл, 241 эркак қатнашчи спортнинг стол тенниси, шахмат, шашка, мини футбол турлари бўйича астойдил куч синашдилар. Қизғин ва мароқли беллашувлар барчага жисмоний жўшқинлик, руҳий бардамлик ва касбу касбдошлари билан фахрланиш туйғуларини бахш этди.

Стол тенниси бўйича вилоят СЭО ва ЖСБ ходими Жамшид Абдулҳакимов, Чуст ТТБ ҳамшираси Маҳмудахон Собирова, шашка йўналишида вилоят СЭО ва ЖСБ врачи Маъруфжон Шокиров, Наманган ТТБ ҳамшираси Назира Жўраева, шахмат туридан Учқўр­ғон ТТБ муҳандиси Икромжон Дадахонов, Янгиқўрғон ТТБ Ғо­вазон ОШП ҳамшираси Гулшода Маҳкамова, мини футболда эса Поп ТТБ жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, республика бос­қичига йўлланма олдилар.

Вакилларимиз "Соғлом турмуш тарзини оммага кенг тар­ғиб этиш" шиори остида Тошкент шаҳридаги "Бунёдкор" спорт мажмуасида ўтказилган мамлакат беллашувларида хизмат бурчини аъло даража уддалаш билан бирга жисмоний тарбия, спорт соҳасида ҳам бой малака ва маҳорат эгаллай бошлаганликларини яққол намоён этдилар.

100 га яқин аёл спортчи ўртасидаги теннис беллашувларида Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Маҳмуда Собирова 1-ўринни эгаллади. 70 дан зиёд аёллар ўртасида кечган шаҳмат ва шашка мусобақаларида Янги­қўр­ғон тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Гулшода Маҳкамова, Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими ҳамшираси Назира Жўраева иккинчи ўринни эгаллади. Поп тумани ТБ минифутбол жамоаси фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Теннис учрашувларида эса Наманган шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими лаборатория мудири Жамшид Абдулакимов учинчи ўринни забт этди.

Тақдирлов маросимида сўз олган Саломатлик ва стратегик тадқиқотлар институти директори А. Иноятов , Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Ф. Ханапияев спартакиаданинг илк босқичларидан бошлаб унга фаол қатнашган барча иштирокчиларга ташаккур изҳор этдилар.

 

Дилором МАМАТХОНОВА,

ВССБ бўлим бошлиғи, ташкилий қўмита координатори:

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши ҳамкорликда йўлга қўйган спартакиада даволаш-профилактика муассасалари ходимлари саломатлигини мустаҳкамлаш, фаолият самарадорлигини ошириш, жамоаларда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришда катта аҳамият касб этаётгани яққол сезилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Юртбошимизнинг "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ – 330-сонли қарорида кўрсатилган устувор вазифаларнинг бири аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спортни чуқур илдиз оттириш, жисмоний фаоллик кўникмаларини ҳосил қилишдир. Бу борада, албатта, ҳар бир врач, ўрта тиббиёт ходими шахсий намуна кўрсатиши, жойларда ишонарли ва таъсирчан тарғибот олиб бориши керак. Тобора кенг кўлам ва аҳамият касб этаёган спартакиада тизим вакилларида ана шу салоҳиятни камол топтиришга хизмат қилади.

 

Маҳмуда СОБИРОВА,

Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси:

– Президентимизнинг соғлиқни сақлаш ходимлари меҳнатини қадрлашга қаратилган ғамхўрликларини ҳар жабҳада кўриб-билиб турибмиз. Замонавий шифохоналар қурилиши, борлари реконструкция қилиниши, сўнгги русумдаги тиббий жиҳоз, асбоб-ускуналар билан таъминланиши, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашларидан чексиз миннатдорман.

Соғлиқни сақлаш ходимларининг республика спартакиадаси жорий этилиши ҳам энг масъулиятли соҳада ишловчиларнинг меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Қолаверса, бу хайрли анъана бизларнинг саломатлигимизни мустаҳкамлаш орқали ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга руҳлантиради. Тўғрисини айтсам, илгари спорт билан шунчаки шуғулланиб келардим, унга вақт ажратишга кўзим қиймасди. Спартакиада бу дунёқарашимни тамоман ўзгартирди. Спортга катта қизиқиш уйғотди.

Теннисдаги 1-ўринни вилоятмиздаги барча ҳамкасбларимнинг ютуғи деб биламан.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.