Мамлакатимизда қутлуғ байрам – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги нишонланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида бўлиб ўтган адабий анжуман ҳам ана шу санага бағишланди.
"Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев тадбирни очар экан, 1989 йилда мамлакатимизда она тилимизнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш борасида олиб борилган хайрли ишларни эслатди. Мустақиллик арафасида халқимизнинг хоҳиш иродаси ифодаланган қонуннинг қабул қилиниши, истиқлол йилларида тилимизнинг мавқеи ва нуфузини ошириш мақсадида амалга оширилган эзгу ишларни эътироф этди.
"Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири Манзура Эргашева кейинги йилларда жаҳонда ўзбек тилини ўрганишга эътибор кучайгани, қатор давлатларда бу борада илмий тадқиқотлар ўтказилаётганлигини мамнуният билан таъкидлади.
Шоира ва адабиётшунос Шоҳсанам Эрманбетова тилимизнинг жозибаси, моҳияти, аҳамияти ҳақида маъруза қилди. Сермаъно, серқирра ва сермазмунлик борасидаги ўзига хос жиҳатлар изоҳланди. Ўзбек тилини улуғловчи шеърлар ўқилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев тадбир барчада катта қизиқиш уйғотганлигини эътироф этди.