Вилоят кардиология марказининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-311-сонли қарори мазмун-моҳияти ва уни босқичма-босқич амалга оширишга бағишланган матбуот анжумани ташкилланди. Тадбирда вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари, Ахборот хизматлари раҳбарлари, журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари қатнашдилар.
Дастлаб Давлат тиббий суғурта жамғармаси Наманган вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Мухторжон Жўрабоев йиғилганларга республикамизда, жумладан, Наманган вилоятида давлат тиббий суғуртасини жорий қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда тайёргарлик жараёнлари тўғрисида маълумотлар берди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси етакчи мутахассиси Ботиржон Маъмуров эса оилавий шифоркорларнинг тиббий суғурта тизимини йўлга қўйишдаги масъулияти нималардан иборат эканлигини атрофлича тушунтириб ўтди.
Кун тартибидаги масала юзасидан матбуот анжумани қатнашчиларидан Шоира Тўхтабоева, Оқилхон Дадабоев, Азизбек Абдувалиев, Содиқ Сайҳун ва бошқалар сўзга чиқишди. Шунингдек, йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутасаддилардан тегишли жавоблар олишди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Феруза Атаханова бундай тадбирлар тиббий хизмат тарғиботини яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини, матбуот анжуманини тез-тез уюштириб туриш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, тадбирга якун ясади.