Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр НУРАЛИЕВ билан суҳбат.
– Алиёр Валижонович, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида"ги ПФ – 143-сонли Фармони ва унинг ижросини таъминлашга қаратилган "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ – 330-сонли қарорида кўрсатилган устувор вазифаларга тўхталсангиз.
– Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармон ва қарори "Инсон қадри учун!" тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишларимизга янгича жадаллик бахш этиши, ижтимоий-иқтисодий тизимларнинг барчасини ана шу хайрли мақсад йўлида тағин ҳам жипслаштириши, фаровонлик сари ҳаракатларимизга янгича шиддат ва суръат бағишлаши билан катта аҳамият касб этади. Эндиликда барча ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари фаолияти "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини бажаришдаги шахсий ташаббускорлиги, ташкилотчилиги натижадорлигига қараб баҳоланиши – бу, катта ишонч, масъулият, ишга янгича ёндошувларга руҳлантирувчи маёқдир. Дастур доирасида 2024-2025 йилларда тажриба тариқасида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида республикамиздаги ташкилотларнинг 14 минг нафар раҳбарлари ва ўринбосарлари ҳар 6 ойда 5 тадан энг оғир аҳволдаги камбағал оилаларга масъул этиб бириктирилади. Масъуллар ана шу фуқаролар тадбиркорликни йўлга қўйиши учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар, мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни фоизсиз қарз ҳисобидан олишларига, фарзандларини боғчаларга жойлашга кўмаклашади. Мактаб ёшидагиларнинг таълим муассасаларига, қўшимча дарслар ва тўгаракларга қатнашишини назоратга олади ҳамда фоизсиз қарзга олган ноутбукдан самарали фойдаланишига шарт-шароит яратади. Шунингдек, ҳар бир оила дарс столи ва стули, спорт кийимлари билан ҳомийлик асосида таъминланишини ташкил этади.
Камбағал оилаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ўз соғлиги учун ижтимоий масъулиятини ошириш чораларини кўради. Тиббий муассасаларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатилиши, давлат томонидан тақдим этиладиган тиббий хизматлардан тўлиқ фойдаланиши, хусусан, аёллар ва болаларнинг тизимли равишда скрининг текширувидан ўтказилишини таъминлайди. Хонадонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, кундалик турмуш тарзи ва овқатланишда зарарли одатлардан воз кечиш, ёшидан қатъий назар ҳар бир оила аъзосининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, қарияларнинг пиёда юришларини анъанага айлантириш тадбирларига ҳам масъуллар бош-қош бўладилар.
– Қарорда соғлиқни сақлаш тизимига юкланган долзарб вазифалар камбағал оилалар аъзолари саломатлигини муҳофаза қилишни янги босқичга олиб чиқишга асос бўлди ва мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларга янгича шиддат бағишлади. Дастлабки тажриба ва натижалар нималардан иборат?
– Тиббиёт йўналишидаги вазифаларни тезкор, сифатли амалга ошириш вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг бевосита назорати остида, "маҳалла еттилиги" билан ҳамкорликда камбағал оилалар реестрига киритилган тоифа кишилари соғлиғини сақлаш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилиб, натижага айлантирилмоқда. Камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзосини йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш жадвали ишга тушди. Уларнинг кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиши, тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда ўз соғлиғи учун ижтимоий масъулиятини оширишга кўмаклашиш назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси жиддий назорат остида таъминланмоқда.
Жумладан, вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасаларининг етук мутахассисларидан иборат тиббий гуруҳлар кўрикларни энг олис ва чегара ҳудудлардаги қишлоқлардан бошлаб, изчил давом эттирмоқда. Бугунгача "маҳалла еттилиги" ўрганишлари асосида камбағал оилалар реестрига киритилган кишилар яшайдиган 6206 та хонадоннинг 5800 тасидаги фуқаролар саломатлиги чуқурлаштирилган инструментал текширувлардан ўтказилди. Уларнинг 4610 нафарида юрак-ишемик, икки томонлама гайморит, ревматоидли полиартрит, гипертония, қандли диабет, бронхиал астма, жигар циррози ва ошқозон ости ўсмаси сингари кўплаб хасталиклар ойдинлашди. Барвақт аниқланган, эрта босқичдаги ва сурункали беморлар ўз даражасига мос равишда даволанмоқда. 3575 нафарига амбулатор шароитдаги муолажалар кифоя бўлди. 785 киши туман, 220 нафари вилоят шифохоналарида муолажа оляпти. 30 нафар бемор эса республика тиббиёт марказларига электрон йўлланма асосида йўналтирилди. Ногиронлиги бўлган шахсларга режали равишда реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда.
Дастурга мувофиқ, камбағал оила аъзоларининг тиббий хизматларга ўз ҳисобидан сарфлайдиган харажатларини икки баробар қисқартиришга эришилмоқда.
– Ана шу масалада давлат тиббий суғурта жамғармаси вилоят ҳудудий бўлими қандай роль ўйнамоқда?
– Давлатимиз раҳбарининг таклифи ва бевосита раҳнамолигида таъсис этилган мазкур жамғарма Наманганда ҳам катта ҳажмдаги хайрли ишларни амалга оширмоқда. Ҳудудий бўлим қарор қабул қилингандан кейинги қисқа вақт ичидаёқ кам таъминланган оила аъзолари бўлган 16 нафар оғир даражадаги беморлар ҳаётини вилоят тиббиёт марказларида юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари билан сақлаб қолишнинг бир неча юз миллион сўмлик харажатларини қоплади.
– Давлат дастурида назарда тутилган "Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият" тамойили хонадонларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришни ҳам ўз ичига олади. Бунингдек кўламдор ва сертармоқ жабҳада қандай механизмлар яратилган, улар Дастурда кўзда тутилган самараларга муяссар қиляптими?
– Бу борада Саломатлик мактаблари таркибидаги 1 минг 600 га яқин тиббиёт ходимлари фаоллиги Дастур талабларига мувофиқ кучайтирилди. Уларнинг ташкилотчилиги, касбига фидойилиги туфайли I ва II хавф гуруҳга кирувчи аҳолининг 2-10 ёшдагилари гельминтоз, 3-18 ёшдаги болалар онкогематологик касалликлар, 45-65 ёшли аёллар кўкрак бези саратони, 35-55 ёшдаги аёллар бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олиш, 40 ва ундан катта ёшли аҳоли юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш мақсадида скринингдан ўтказилиб, хасталикнинг илк аломатлари кузатилганлар диспансер назоратига олинди ва уй, амбулатор, кундузги шифохона ва стационар тартибда соғломлаштириляпти.
МФЙларга бириктирилган оилавий шифокор ва ҳамширалар маҳалла раислари, фаоллари ва нуронийлари иштирокида кунма-кун кўчама-кўча юриб, оиладаги ҳар бир аъзони жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, пиёда юришга одатланишга чақирмоқдалар. Томорқага дармондорига бой экинлар экиш, санитария-гигиена, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш бўйича таъсирчан суҳбатлар, кўргазмали тарғибот олиб бормоқдалар.Наманган тажрибаси сифатида эътироф этилган "Тўғри овқатланиш" лойиҳаси асосида 14 та тумандан танлаб олинган 14 та МФЙга боғланган тиббий бригада учун шифокоролди кўрик хонаси ажратилди, зарур асбоб-ускуналар ҳамда "Мобил илова" билан таъминланди. Улар ташкиллаган кўрикларда кузатилган эрта босқичдаги касалликларни даволаш учун 14 та амбулатор-поликлиникада 4 тадан 8 тагача кундузги ўринлар ташкил этилди. Беморларга бепул дори-дармонлар бериляпти. "Саломатлик профили"ни шакллантириш мақсадида танлаб олинган ана шу маҳаллаларда ўтказилган хатловда 63 минг нафардан ортиқ фуқаро 4 та хавф гуруҳларига ажратилди. Хавф гуруҳларига тааллуқли деб топилганлар тегишли муолажаларга жалб этилди. 1381 та хонадонда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича махсус шуғулланиш зарур, деб топилди. Сурункали касалликларга мойил одамлар яшовчи 195 хонадон назоратга олиниб, уларнинг оилаларида тизимли тиббий-профилактик ишлар кучайтирилди.
Боғча ва мактаблардаги саломатлик посбонлари тарбияланувчи ҳамда ўқувчилар ўртасида "Соғлом турмуш тарзи" машғулотларини доимий йўлга қўйдилар. Бундан ташқари, 50 дан зиёд давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 40 га яқин мактабда "Тоза қўллар учун", "Жозибадор табассум" ва "Соғлом овқатланиш асослари" каби мавзуларда тиббий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Саломатлик марказининг ҳар бир шаҳар, туман бўлими қошида "Профилактика мактаби" ташкил этилди. Уларга бириктирилган педиатр, эндокринолог, гинеколог, онколог, кардиолог, невролог ва терапевтлардан иборат гуруҳлар томонидан жами 526 минг 788 хонадондаги аҳоли саломатлиги кўздан кечирилиб, тегишли тавсиялар берилди. Хавф гуруҳларига кирувчилар учун юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, ўз ҳолатини назорат қилиб бориш, соғлиғига шахсий жавобгарлик ва саломатлик муҳофазасининг барча қирраларига оид кўргазмали, мультимедия воситаларини қўллаган ҳолда илмий-амалий ўқувлар ташкил этмоқдалар. Ана шу машғулотларда ҳозиргача хасталик омиллари мавжуд 2000 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Шундай хулоса қилиш мумкинки, Дастур ижроси учун энг мақбул механизмларни шакллантириб, ишга тушириб олдик. Юқорида тилга олинган натижалар эзгу ишларнинг бошланиши. Мухтарам Президентимизнинг халқпарварликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлган 330-сонли қарори вилоят тиббиётчиларини ночор оилаларни фаровонликка етказишнинг энг муҳим шарти бўлган саломатликларини ҳимоялашнинг мисли кўрилмаган истиқболлари сари руҳлантиради, жўшқин иштиёқ, куч-қуват, журъат-жасорат беради.
– Алиёр Валижонович, эзгу мақсад йўлида шифокорларимизга зафар ёр бўлсин, ўзлари ҳам эл-юрт бахтига соғ-омон юрсинлар. Суҳбатингиз учун ташаккур!
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.