Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолига қулайлик яратиш ва соғломлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида олис ҳудудларда сайёр қабуллар уюштирмоқда. Яқинда худди шундай тиббий тадбир Норин туманидаги Тўда маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов 25-мактабда қишлоқ аҳолисини қабул қилди. Шу куни 21 нафар фуқаронинг тиббиётга оид мурожаатлари тингланиб, кўтарилган масалаларнинг барчасига ижобий ечим топилди.
Сайёр қабул давомида 8 нафар фуқаро имтиёзли даволаниш, 7 киши бепул дори-дармон билан таъминланиш, 4 нафар мурожатчи ногиронлик нафақасига чиқиш, икки нафар кам таъминланган оила аъзолари ишга жойлашиш ва сиҳатгоҳга бепул йўлланма олиш имкониятига эга бўлди.
Шу куннинг ўзида ҳудуддаги 18-оилавий поликлиникада туман кўп тармоқли марказий поликлиниканинг бир қатор тор соҳа мутахассислари чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкилладилар. Одамлар невропатолог, кардиолог, жарроҳ, гастроэнтеролог, ревматолог, эндокринолог, терапевт, травматолог, оториноларинголог қабулида бўлишди. Шунингдек, УТТ, ЭКГ, лаборатор текширувлар олиб борилди.
Тиббий тадбир жараёнида 178 нафар фуқаронинг саломатлиги кўрикдан ўтказилди. Улардан 115 нафарида турли касалликлар аниқланди. 8 кишига стационар шароитда даволаниш учун йўлланма берилди. 107 нафар хастаҳол амбулатор шароитда саломатлигини тиклаш учун 43 турдаги бепул дори-дармонлар билан таъминланди.