Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутатлар сайловига саноқли кунлар қолмоқда. Юртимизда сайловлар биринчи марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади.

Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Айни пайтда республикамизда сайловларни юқори савияда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари қизғин тус олган. Наманган вилоятида ҳам белгиланган календарь режага мувофиқ бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча ўтказилган матбуот анжуманида марказий ва маҳаллий ОАВ вакиллари, блогерлар, журналистлар қатнашди. Иштирокчиларга вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов батафсил маълумот бериб ўтди.

Таъкидландики, Наманган вилояти ҳудуди бўйича 1 та шаҳар ва 13 та туман Кенгашларининг шаҳар ва туман сайлов комиссиялари тузилган ва уларнинг шахсий таркиби тасдиқланиб, вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг қарори билан вилоятда Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 55 та сайлов округлари тузилган.

Шунингдек, "Е-saylov" тизими воситасида сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан 13 та туман ва 1 та шаҳар ҳокимликларининг тақдимномалари кўриб чиқилиб, вилоят ҳудудида 837 та сайлов участкалари ташкил этилди. Ушбу сайлов участкаларининг 7 таси махсус сайлов участкалари ҳисобланса, 59 та сайлов участ­калари қўшни давлатлар билан чегарадош туманлар ҳудудида ташкил этилди.

Сайлов участкаларининг 659 таси мактаб, 64 таси коллеж, лицей ва техникумлар, 25 таси маҳалла фуқаролар йиғинлари, 43 таси маданият ва спорт марказлари ҳамда тиббиёт, олий ўқув юрти ва бошқа муассасалар биноларида ташкил қилинди.

Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг жами сони эса 9179 нафарни ташкил этмоқда. Участка сайлов комиссияси аъзоларининг 7127 нафари аввалги сайловларда қатнашган, сайлов қонунчилиги бўйича билим ва тажрибага эга шахслар.

Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 5261 нафари халқ таълими тизими, 1253 нафари ўзини-ўзи бошқариш органлари, 1442 нафари бошқа давлат идоралари ва муассасалари ходимлари ҳисобланади. Комиссия аъзолари орасида ҳуқуқшунослар, шифокорлар, муҳандислар, иқтисодчилар ва педагоглар кўпчиликни ташкил этади. Бошқача айтганда, участ­ка сайлов комиссиялари аъзоларининг 6411 нафари олий маълумотга эга.

Яна бир муҳим далил: участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 5206 нафари хотин-қизлар бўлиб, бу кўрсаткич жами аъзоларнинг 57 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, УСК аъзоларининг 1674 нафари ахборот-коммуникация технологиялари мутахассислари, 2165 нафари рус тили, 879 нафари эса инглиз тилини мукаммал даражада билади. Бу сайлов куни ва унгача бўлган тайёргарлик жараёнлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга хорижий кузатувчиларга катта қулайлик яратмоқда.

Матбуот анжуманида вилоятда ҳудудий тренерлар ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосарлари ва котибларини ўқитиш курслари ташкил этилганлиги ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссияси биносида ҳам бўлди ва вилоят ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда комиссия аъзолари ва матбуот маркази вакилларига яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Комиссия аъзолари билан суҳбатлашди ва сайловга жиддий тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар, галдаги вазифалар юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар белгиланган тартиб асосида рўйхатга олинди. Бунда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 55 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан бир нафардан, жами 275 нафар номзод тўғрисидаги аризалар "E-Saylov" тизими орқали комиссияга юборилди ва ҳудудий сайлов комис­сияси номзодлар ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқди.

Дарҳақиқат, сайлов жараёнларининг ошкора ва ҳаққоний тарз­да ўтишини таъминлашда кузатувчиларнинг иштироки жуда муҳим. Шу маънода 3 октябрь куни вилоят ҳудудий сайлов комис­сиясига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилари ташриф буюрди. ЕХҲТ миссиясининг кузатувчилари – Германия давлатидан Кати Хётгер ҳамда Буюк Британиядан Мартин Брукс вилоят ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Мулоқотлар чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари, миллий сайлов амалиётига татбиқ этилган янгиликлардан яна бири "E-Saylov" ахборот тизими ва мазкур тизимнинг афзалликлари юзасидан батафсил маълумот берилди. Хусусан, сайлов кампанияси тобора қизғин паллага кираётгани, бу масъулиятли жараён Сайлов кодексида белгиланган тартибларга биноан изчиллик билан мувофиқлаштириб борилаётганлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, ҲСК раиси хал­қаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларда ошкораликни таъминлаш мақсадида тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги ахборотлар энг аввало, сайловчиларга ҳамда сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси ҳамда ҳудудий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказилаётганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида "Халқ сўзи" газетаси мухбири Қудратилла Нажмиддинов, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги (ЎзА) мухбири Оқилхон Дадабоев, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев ва бошқа қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси ҳузуридаги Матбуот маркази фаолияти билан танишилди. Журналистларга, ўз навбатида, сайлов жараёнларини ёритиш учун ак­кре­дитациядан ўтиш шартлари, бу бўйича яратилган қулайлик, телеграм ижтимоий тармоғида "Namangan viloyat hududiy saylov komissiyasi" каналининг очилгани, унда матбуот маркази томонидан ҳудудий сайлов комис­сияси фаолияти ва сайлов билан боғлиқ барча маълумотлар, хабарлар, комиссия қарорлари ёритиб борилаётгани ҳақида батафсил тушунча берилди.

Матбуот анжумани чоғида ЕХҲТ миссияси кузатувчилари Кати Хётгер ва Мартин Брукс ҳозир бўлишди.