Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғи асосида жорий йил 2 октябрдан 2 ноябрга қадар меҳнат мигрантлари ҳамда муассасаларда ишловчи раҳбар ва ходимларни ОИВ инфекциясига бепул текшириш акцияси ўтказилмоқда. Мақсад ОИВ инфекцияси эпидемиясига барҳам беришни кўзда тутувчи "95х95х95" тамойилига биноан меҳнат мигрантлари ва тизимда ишлаётган тиббиёт ходимларини назоратдан ўтказиб, ОИВ касаллигини эрта аниқлаш, даволаш самарадорлигига эришиш ҳамда касалликнинг оилада оналар ва болаларга юқишининг олдини олишдир.

Бошқарманинг ойликни юқори савияда ташкиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасига кўра, барча тиббиёт муассасалари раҳбарлари меҳнат мигрантлари ҳамда муассасаларда ишловчи раҳбар ва ходимлардан ОИВ инфекциясига текшириш учун қон намуналарини олиш, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва унинг Чуст, Янгиқўрғон, Учқўрғон, Мингбулоқ туманлар­аро ОИВ диагностика лабораторияларига вақтида етказилишига масъулдирлар.

Жойларда қон намуналарини олиш учун етарли миқдорда бир марталик шприц, резина қўлқоп, пробирка ва бошқа воситалар ҳозирланди, қон намуналарини олувчи ходимлар бириктирилди. Намуналарни ўз вақтида лабораторияларга етказиш учун махсус автотранспорт ажратилди. Барча имконият, куч ва воситалар меҳнат мигрантларини ОИВ инфекциясига текширишга тўлиқ жалб этишга қаратилган.

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва унинг туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларида таҳлиллар учун етарли миқдорда тиббий ускуналар, диагностикум, тест-система ва бошқа воситалар муҳайё.