Эътирофлиси шундаки, бугунги кунда республикамиздаги тиббиёт муассасаларига ташриф буюрганимизда фаолиятлар изчиллик билан олиб борилаётганлиги гувоҳи бўламиз. Шундай экан, замонавий ва кенг имкониятларга эга бўлган шифо масканларининг халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатаётганлигини кўриб, Ўзбекистон тиббиётининг янада жадал ривожланиб бораётганлигини чин дилдан ҳис қилмоқдамиз. Наманган ва Андижон вилоятларининг айрим тиббиёт муассасаларида хизмат сафарида бўлганимизда юқоридаги фикрларимизни тасдиқловчи фаолиятлар билан танишдик.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникага кириб борар эканмиз, авваломбор, поликлиниканинг ташқи қиёфаси эътиборимизни ўзига тортди. Ичкарига кирганимиздан сўнг унинг кенг имкониятлари бизни бефарқ қолдирмади. Кўп тармоқли марказий поликлиника мудирининг ўринбосари, олий тоифали врач Мушаррафхон Собирова бизни хушмуомалалик билан кутиб олди. Ўз касбининг фидойиси Мушаррафхон опа шифо маскани тўғрисида маълумот бериш баробарида фаолиятлар билан таништириб борди.

– Мазкур поликлиникамиз 1984 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Таъкидлашим жоизки, ке­йинги йилларда Давлатимиз раҳбарининг одилона сиёсати боис, юртимизда ҳамма соҳаларга кенг эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, республикамиз соғ­лиқни сақлаш тизимининг тубдан ўзгаришида, албатта, Президентимизнинг ҳиссалари ниҳоятда каттадир. Шундай экан, Наманган вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ҳам самарали фаолиятлар йўлга қўйилиб, аҳоли бундай ғамхўрликлардан мамнун бўлмоқда. Ушбу шифо масканимиз Давлатимиз раҳбарининг эътибори билан вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси томонидан қайта таъмирлаш ишлари режаси ишлаб чиқилди ва унга давлат бюджетидан 11 мил­лиард 307 миллион 639 минг сўм маблағ сарф қилиниб, қисқа муддат – яъни 6 ойда таъмир ишлари тугалланиб, фойдаланишга топширилди. Поликлиникамизда 57 нафар врач, 181 нафар ҳамшира Наманган шаҳрининг 356 минг нафардан ортиқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Тиббиёт муассасасининг 1-қаватида диагнос­тика ва лаборатория бўлими, 2-қаватида 20 ўринли кундузги шифохона ва болалар бўлими, 3-қаватида эса аёллар маслаҳат хонаси бўлими, врач олди хонаси ва оила шифокори хоналари мавжуд бўлиб, аҳоли учун шунингдек, ходимларимизнинг фаолият олиб боришлари учун кенг қулайликлар яратилган. Лаборатория, диагностика, болалар, оилавий шифокорлар, аёллар маслаҳатхонаси, тор мутахассислар бўлимлари, УТТ, ФГДС, ЭКГ, ЭЭГ, ЭХО, кольпоскопия, холтер каби сўнгги русумдаги аппаратлар мавжуд. Шунингдек, 20 койкали кундузги даволаниш бўлимида беморлар учун барча шароитлар етарли, – дейди поликлиника мудирининг ўринбосари Мушаррафхон Собирова.

Поликлиникадаги фаолиятлар билан танишар эканмиз, у ерда аҳолига хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимларини иш жараёнида учратдик. Шунингдек, шифокорлар қабулидаги фуқароларни суҳбатга жалб қилганимизда улар бундай замонавий тиббиёт муассасалари борлигидан ва кенг имконият ҳамда шифокору ҳамширалар меҳнатидан мамнун эканликларини изҳор этдилар. Хоналардаги тиббиёт ходимларининг иш жараёнларини кузатар эканмиз, невропатолог хонасига кирганимизда ёш мутахассис, болалар неврологи, нейрореабилитолог шифокор Бобирбек Турсуновнинг болажонлар саломатлигини тиклаш жараёнидаги фаолиятини кузатдик ва интилувчан ҳамда айни кунларда илмий изланиш сари интилаётган ёш мутахассисни суҳбатга чорладик.

– Мен Турсунов Бобирбек Ғофуржон ўғли 1994 йил 23 майда Наманган вилояти Уйчи туманида туғилганман. 2018 йилда Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг "Педиатрия иши" йўналишини тамомлаганман. 2020 йил ушбу институтни клиник ординатура босқичини, яъни "Болалар неврологияси" мутахассислигини тугатиб, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасида иш фаолиятимни бошладим. Ўз фаолиятим давомида янада билим ва кўникмаларимни мустаҳкамлаб, аҳоли саломатлиги борасида қийнаётган муаммолар, касалликларни даволаш, уларнинг олдини олиш, республикамиз ҳамда хориж давлатларининг етакчи клининикаларидаги янгиликлар ва илғор технологияларни амалиётда қўллашга ҳаракат қилиб келмоқдаман. 2024 йил август ойида ўз мутахассислигим бўйича илк илмий мақоламни чоп эттирдим. Эндиликда изланишларимни давом эттириб соҳадаги долзарб муаммоларга ечим топишни ният қилганман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолининг руҳий салотматлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2023 йил 19 июндаги 196-сон қарорини амалда татбиқ этиш учун 2024 йил апрель-май ойларида Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш марказида "Болалар нейрореабилитологияси" курси бўйича таҳсил олдим. Турли хил нев­рологик касалликларнинг асорати туфайли жисмоний, ақлий ва нутқий томондан имконияти чекланган ва ногирон болаларни реабилитатция қилиш ишларини бошладик. Ҳозирги кунда поликлиникамизда болалар неврологи, нейрореабилитолог, логопед, психолог, болалар массажи ва ЛФК инструктори каби мутахассислар бу ишларга жалб қилинган бўлиб, бу албатта, бизга комплекс реабилитатция чора-тадбирларини амбулатор шароитда сифатли амалга ошириш имкониятини бермоқда. 2024 йил инвестиция дастури асосида поликлиникамизнинг капитал таъмирлаш ишлари олиб борилгани фаолиятимиз учун янада кенг қулайликлар яратди. Поликлиникамиз тўлиқ рақамлаштирилиб, электрон поликлиника дастури ишга туширилмоқда. Умуман олганда хал­қимиз тиббиётдаги ислоҳотларни амалда ҳис қилмоқда, – дейди болалар неврологи, нейрореабилитолог Бобирбек Турсунов.

Шунингдек, онко-назорат хонасида аёлларни қабул қилаётган тажрибали гинеколог шифокор Сайёра опа билан суҳбатлашганимизда улар поликлиникада аҳоли саломатлиги учун яратилган шароитларга тўхталиб ўтди. Бунинг баробарида онко-назорат хонасида ҳам зарурий асбоб-ускуналар ва компьютер жамланмаси мавжудлигини ва тиббий кўрик чоғидаги аёллар тиббий реестрга олинганлигини таъкидлаб, таҳлиллар ташхисига қараб, вертикал тарзда йўналишдаги тиббиёт муассасаларига узатилишини тушунтириб ўтди.

Бундан ташқари тиббий психологик ёрдам кўрсатиш хонасига ҳам ташриф буюрдик.Ўз касбининг моҳир устаси Ҳамрохон Азимова ҳам бу йўналишда Давлатимиз раҳбари қабул қилган қарорга тўхталиб, унинг амалдаги ижроси бўйича ўз фикрларини билдириди. Албатта, ушбу тиббиёт муассасасида хал­қимиз саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари фаолиятини кўриб, юртимиз тиббиётининг равнақи янада юксалиб бораётганлигига ишончимиз комил бўлди.

Ибодат СОАТОВА.

("O'zbekistonda sog'liqni saqlash Здравоохронение Узбекистана" газетасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 18-сонидан олинди).