2022 йил май ойида Наманган вилояти делегациясининг Австрия давлати пойтахти Вена шаҳрига ташрифи чоғида бир қатор истиқболли лойиҳалар келишувига эришилган эди. Натижада хорижий инвестиция орқали Наманган кардиология илмий-амалий маркази модернизация қилиниб, водийда етакчи тиббий муассасага айланди.
Австриянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маттиас Радостич, унга ҳамроҳлик қилган "АМЕ International" компанияси раҳбари жаноб Хайнц Мессинжер ва бошқа меҳмонлар вилоят ҳокимлигида қабул қилинди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Наманганнинг бугунги иқтисодий ривожланиши ҳақида маълумот бериб, кичик бизнес ва текстиль ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида элчи жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Наманган вилояти билан ҳамкорлик келгусида ҳам изчил давом этишини таъкидлади.
Учрашув якунида урф-одатларимизга биноан элчига эсдалик совғалари топширилди.
Маълумот учун: Республика травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалига "UniCredit Bank Austria"нинг 10,0 миллион долларлик имтиёзли кредити яқин кунларда ажратилиши натижасида "АМЕ International" ва "Universal Medical Treatment" компаниялари томонидан 152 турдаги 340 дан зиёд тиббиёт ускуналари ўрнатилади. Бу борада барча меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.