Маълумки, жорий йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-311-сонли қарори қабул қилинган эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар тақдимотига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди.
Давлат тиббий суғурта жамғармасининг Наманган вилоятидаги бош мутахассиси Мухторжон Жўрабоев "Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Қарорининг мазмун-моҳиятини изоҳлаб берди.
Қарорга кўра, давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда аҳолидан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
Қуйидагиларни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади, жумладан:
– давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари тасдиқланади ва ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади;
– кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади;
– шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади (реимбурсация дастури);
– тиббиёт ташкилотлари фаолиятидаги жараёнларни ўз ичига олувчи "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизими яратилади ҳамда ишга туширилади;
– кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб этилади;
– туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарида тиббий ёрдам кўрсатишда касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, бепул даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланади ва амалиётга жорий этилади;
– имтиёзли тоифадаги шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади.
Нотиқ қайд этганидек, фуқаролар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан қуйидагилар давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда туман (шаҳар) ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларида режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади:
– жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
– Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар;
– вояга етмаганлар, таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари, ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар, меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар, давлат пенсиясини олувчилар ҳамда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари.
2027 йил 1 январдан сўнгги бир йил давомида камида 6 ой жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлаганлар учун давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдам бепул амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш доирасида:
– 2024 йил якунигача "Электрон поликлиника" ва "Электрон шифохона" ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади.
2024 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025-2026 йилларда республиканинг барча ҳудудларида давлат тиббий суғурта тизими жорий этилади.
Йиғилишда вилоятда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга пухта ҳозирлик кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.