Истиқлолли ва истиқболли юртимизнинг чин иқболли бугунги авлоди илдизлари бутун дарахтнинг яшноқи япроқларига ўхшайди. Ахир, нега шундай бўлмасин, нега аждодларига тортмасин! Тўмарис момосидек, Алпомиш, Паҳлавон Маҳмуд бобосидек мардлар майдонида танаси ва қалбидаги жўшқин куч-қудратини нима учун оламга намоён этмасин! Ўзбекнинг журъату жасорати айни замонда кутилмаган ҳодисаларга тўлиб-тошганлигини энди ким ҳам инкор эта оларди. Франциянинг Париж шаҳрида ташкилланган XVII ёзги Паралимпия ўйинлари пайти бутун дунё аҳли бунинг гувоҳи бўлди-ку!

Мана, неча кундирки хориждаги ўйинлар якунланган бўлса-да, унинг шов-шуви, ҳаяжони, қувончи Ўзбекистонда, мамлакатнинг мафтункор гўшаси Наманганда хали-ҳануз бардавом. Ғолиблар ва совриндорлар қаторида наманганликларимизнинг ҳам борлиги беихтиёр кўнглимизни беҳад чоғлайди, кўксимизни эса тоғлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 12 сентябрдаги Фармонига кўра, Ватанимиз тарихида мислсиз натижаларга эришган терма жамоамиз сафида муваффақиятли қатнашиб, Янги Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшганлар ичида наманганлик вакилларимиз ҳам давлат мукофотларига сазоворланишди.

Энди Паралимпиянинг кумуш медали соҳиби, тўрақўрғонлик дзюдочи Кумушой Хўжаева "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвонига муносиб кўрилди. Олтин ва бронза медаллари билан қайтган енгил атлетикачилар – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова, чустлик Толиббой Йўлдошевлар "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвонлари билан тақдирландилар. Каноэ бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси Шаҳзода Мамадалиеванинг кўксини "Шуҳрат" медали безади.

Ғолиб ва совриндор спортчиларимизнинг Наманганда тантанали кутиб олиниши халқимизнинг замонамиз қаҳрамонларига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин ифодасига айланди. Энг аҳамиятлиси, ҳамюрт паралимпиячиларимиз ўзбекнинг имконияти чекланган ёшлари яна сиз билан биз билмаган мўъжизали имкониятлари ҳам борлигини спорт майдонларида бутун жаҳонга аён қилиб, ҳамманинг ҳайрату ҳавасини уйғотишга қодир эканликларини яққол исботлашди.

Гулларга кон, номдор, Наманган,

Ўғил-қизинг донгдор, Наманган!

Қойил сизга, паралимпиячи наманганлик марду майдон йигит-қизлар!

Содиқ САЙҲУН,

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси.