- Сиз аъзо бўлган жамият асли қачондан буён фаолият юритиб келмоқда?

- Бутунжаҳон нейрохирурглар жамияти 1955 йилда ташкилланган. Ҳозирда дунё бўйича 30.000дан зиёд шу соҳа мутахассисларини ўз атрофига бирлаштирган. Биринчи мустақил конгресси 1961 йилнинг 15 октябрида Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида чақирилган. Ҳар 4 йилда ўтказиш дастурда тасдиқланган. 2015 йил 8 - 12 сентябрь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида жамиятнинг навбатдаги ХV-оралиқ конгрессига тўпланилди.

- Бу галги анжуманнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам бўлдими?

- Албатта. Муҳим сана-Бутунжаҳон нейрохирурглар жамияти ташкил топганлигининг 60 йиллиги ҳам нишонланди. Унга 105 та давлатдан 2000 дан зиёд мутахассислар таклиф этилганди. 1584 та мақола қабул қилинибди. Шундан 481 таси оғзаки маърузалар экан. Улар нейроонкология, бош мия томирлари хирургияси, орқа мия ва периферик нерв системаси касалликлари, нейротравматология, функционал ва болалар нейрохирургияси, ўқитиш, этика ҳамда ижтимоий мавзуларга бағишланган.

- Яна қандай эсда қоларли, унутилмас таассуротлар билан қайтдингиз?

- Дунё бўйича ривожланаётган мамлакатларнинг 100 нафар ёш нейрохирурглари учун ўқув грантлари ажратилди. Бу грантлар мутахассислар олиб бораётган ишлари асосида ёзган мақолаларига қараб берилди. Ўзбекистонлик 12 нафар вакиллардан 5 нафаримиз шундай мукофотга сазовор бўлдик. Жумладан, мен ҳам. Яна энг эътиборлиси, конгрессга юборилган 25 тадан 49 тагача бўлган мақола ва тезислар орасида ўзбекис­тонликлар биринчи ўринда эканлиги алоҳида қайд қилинди. Бу республикамизда нейрохирургия соҳаси яхши ривожланаётганлигидан далолатдир.

- Сизни беҳад мамнун этган ҳолатлар ҳам бўлдими?

- Конгресс жудаям самарали кечди десам янглишмайман - Италия нейрохирургия жамияти билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ўртасида ўзаро тажриба алмашиш "Меморандум"и имзолангани бўлди. Бу ҳужжат биз каби нейрохирургларнинг Италияда малака оширишларига кенг имкониятлар яратиб беради.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.