Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Уни ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов олиб борди.
Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Айтиб ўтиш ўринлики, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 55 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан бир нафардан, жами 275 нафар номзод тўғрисидаги аризалар "Е-сайлов" тизими орқали комиссияга юборилган ва ҳудудий сайлов комиссияси номзодлар ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқди.
Маълумотлар Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эканлиги аниқланди.
Маълумки, Сайлов кодексининг 37-моддасига кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялар номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳудудий сайлов комиссияси номзодларни белгиланган тартибда рўйхатга олади ва улар ҳақидаги маълумотлар расмий эълон қилинишини таъминлайди.
Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.
Йиғилишда муҳокамалардан сўнг партиялар томонидан кўрсатилган 275 нафар номзодни халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сайлов кодексининг 40-моддасида белгиланганидек, ҳудудий сайлов комиссияси беш кунлик муддатда номзодлар рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.
Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.