Вилоятимиз соғлиқни сақлаш ходимлари Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлди. Наманган тиббиёт марказларидан юборилган гуруҳ Қораўзак тумани аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатди.
Маълумки, туманда 54 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Вилоятимиз вакиллари улар саломатлигини мустаҳкамлашда амалий кўмак бердилар. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Ҳафта давомида минглаб кишилар саломатлиги назоратдан ўтказилиб, уларда аниқланган касалликларни даволаш чоралари белгиланди. Шу билан бирга овулларга чиқиб, хонадонма-хонадон кириб, сурункали касалликларга чалинган кишилар соғломлаштирилди.
Намангандан юборилган тиббий бригада таркибида жарроҳ, травматолог, онколог, невропотолог, уролог, педиатр, жарроҳ, кардиожарроҳ, кардиолог ва бошқа тажрибали мутахассислар бор эди. Бинобарин, РИО ва БСИАТМ акушер-гинекологи Фотима Қаюмова, ВКТТМ невропотологи Илҳом Набиев, РИЭИАТМ Наманган филиали эндокринологи Азизбек Изатиллаев, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази фтизиатри Сарвар Абдуғаниев, РШТЁИМ Наманган филиали жарроҳи Икромжон Хўжамбердиевлар фаолликлари билан қорақалпоқ ҳамкасбларига ўрнак кўрсатишди
РШТЁИМ Наманган филиали директори, гуруҳ раҳбари Умиджон Раҳматуллаевич Муҳитдиновнинг билдиришича, ҳафта давомида маҳаллий аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида самарали иш олиб борилди. Ўнлаб хастаҳоллар дарддан халос этилди. Азиза Қўшбармоқова, Зернигул Манбеккаримова, Аманкелди Тулеуов, Мақсет Матенов, Женисгул Ахметалиева, Улбўлсин Байжанова ва бошқа кишилар наманганлик саломатлик посбонларининг сидқидил хизматидан мамнун бўлиб, чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар.
Ҳамкорлик давом этади. Яқин орада қорақалпоғистонлик шифокорлар тажрибаларини бойитиш учун Наманганга келишади.