Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг филиаллари мутахассислари диагностика ва даволашнинг илғор усулларини татбиқ этиш, жойлардаги шифокорлар малака ва маҳоратини ошириш юзасидан фаол ҳамкорлик қилмоқдалар. 18-19 сентябрь кунлари марказ бўлим мудирлари, тиббиёт фанлари номзодлари Доно Раҳматуллаева, Одилжон Аҳмедов, Баҳридил Султоновдан иборат шифокор олимлар вилоят филиали ҳамда туманларда тиббий кўриклар ташкиллаш, даво муолажаларини белгилашда замонавий ечимларни қўллаш, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказиш бўйича маҳорат дарслари олиб бориш учун Наманганга ташриф буюрдилар.
Наманган шаҳри, Норин, Учқўрғон туманларида ҳамкорликда тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифокорлар ҳузурига келганларнинг ўн саккиз нафарида касалликлар аниқланиб, улар амбулатор ва стационар даволанишга жалб қилинди. Энг замонавий ускуналар воситасида пастки жағ ментал қисми ўсмасини олиш, тўғри ичакнинг олдинги-пастки резекцияси, циркуляр тикувчи аппарат ёрдамида сигмаректал аностомоз қўйишдан иборат юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Марказ вакиллари Учқўрғон, Норин туманлари тиббиёт бирлашмаларидаги оноклогия, онконазорат, кольпоскопия, УТТ, рентген, диагностика, тор мутахассислар хоналарини кўздан кечириб, тегишли тавсия ва маслаҳатлар бердилар. Айниқса, онкологик касалликларни барвақт аниқлаш борасидаги фаолиятни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув семинарларида диагностика ва даволашнинг илғор технологик усулларини қўллашга оид маърузалар тингланди.