Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасаси раҳбар ва мутахассислари Наманган филиалига ташриф буюришди. Марказ директорининг ҳудудий филиаллар бўйича ўринбосари Н. И. Боймирзаев, 2-дерматология бўлими дерматовенерологи А. У. Бурҳонов ва бактереология лабораторияси мудири А. А. Розиқов вилоятнинг шаҳар ва туманларида уч кун фаолият олиб бордилар.
Дастлабки куни улар Наманган тумани тиббиёт бирлашмасидаги даволаш-профилактика муассасаларига чиқишди. Жумладан, туман туғруқхона бўлимида ҳомиладор аёлларга тиббий маслаҳатлар бериш, туғма заҳмнинг олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилди. Лаборатория бўлимида ўтказилаётган таҳлиллар сифати, чақалоқлар гонобленориясига қарши кураш тадбирлари, тери касалликларини ташхислаш жараёнларига эътибор қаратилди.
Туман дерматологи С. Арслонов марказ бош мутахассиси А. У. Бурҳонов билан биргаликда диспансер назоратидаги ҳамда бирламчи аниқланган тери-таносил касалликларига чалинган беморлар кўригини ташкиллашди. Натижада беморлардан 26 нафари керакли тавсиялар олди, 18 нафарига даво муолажалари буюрилди, 8 нафарига филиалда ётиб касалликлардан фориғ бўлиш учун йўлланмалар берилди.
Худди шундай тадбирлар Мингбулоқ, Норин ва Учқўрғон туманларида ҳам амалга оширилди.
– Марказимиз юқори малакали мутахассисларининг ўзлари вилоятимизга келиб, яқиндан амалий кўмак беришаётгани айни муддао бўлмоқда, – дейди РИДВ ва КИАТМ давлат муассасаси Наманган ҳудудий филиали директори Бахтиёр Қодиров. -Бизнинг ходимларимиз улар билан ёнма-ён юриб, билим-малака ва тажрибаларини янада бойитишмоқда. Бу, албатта, дерматовенерологик касалликларни даволаш самарадорлигини кескин оширишимизни таъминлайди.
Содиқ САЙҲУН.