Одамнинг шахс сифатида камол топишини ўқитувчиларсиз тасаввур қилиш қийин. Киши жамиятда ўз ўрнини эгаллаши, орзу-мақсадларига етиши устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнати туфайлидир. Улар ёшларга таълим-тарбия бериш, турли касбларни ўргатиш баробарида ўғил-қизларга одамийлик фазилатларини сингдириб борадилар.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: "Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади". Бугун ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта оладиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакилларига айланмоқда. Бундай устозлар қўлида таълим олган фарзандларимиз биз орзу қилган Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этишга қодир авлод бўлиб камол топади.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда: "Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир". Чиндан ҳам, бугун биз улуғ ниятлар билан пойдевор қўяётган янги Уйғониш даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади.

Учинчи Ренессанс стратегик вазифа, миллий ғоямиздир. Мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳал­қаси, дейиш мумкин. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимиз янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни ҳисобланади. Ота-оналар бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш билан, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мустаҳкам устундир.

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар муваффақияти ва юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашида илм-фан ва тарбия нечоғлик катта роль ўйнаётгани ҳақида ўйласак, ўқитувчи, мураббийларнинг жамиятни тараққий эттиришдаги аҳамияти яққол намоён бўлади. Зеро, устозларнинг мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак, қобилияти юқори янги авлод кадрларини тайёрлашдаги фидойиликларининг қадру қиммати беқиёсдир.

Ҳа, ҳар бир юртдошимиз билим-маърифат, касб-ҳунар, ҳаёт илмини бағишлаган устоз ва мураббийларга нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғусини асраб-авайлайди. Чунончи, улуғ сўз санъаткори Алишер Навоий уқтирганларидек:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила.

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила.

Гулчеҳра ҚАЮМОВА,

Тўрақўрғон тумани 2-сонли касб-ҳунар мактаби директори,

"Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси.