Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  вилоят бўлими ва Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Турон ФА академиги, "Шуҳрат" медали соҳиби Содиқ Сайҳун билан ёш ижодкорлар ва адабиёт мухлисларининг учрашувини ташкил этдик.

"Кўз очиб дунёни кўрдим,  сен ширин жонсан, Ватан"  деб номланган  мазкур анжуман таниқли адиб ва олимнинг 30 га яқин илмий, бадиий китоблари кўргазмаси билан бошланди.  Уюшма бўлимининг консультанти, шоира Руқия Ғозиева Содиқ Сайҳун ҳаё­ти ва ижоди, назмий ва насрий асарларида тараннум этилган эзгу ғоялар, тилининг халқчиллиги, қаҳрамонларнинг ёрқин тимсоллари каби маҳорат қирралари ҳақида батафсил сўз юритди.

Иштирокчилар севимли адибнинг ўз тахаллусига хос жўш­қин фаолияти ҳақидаги ҳикояларини ҳаяжон билан тингладилар. Улар устоздан адабиёт, тарих, ижодий жараён сир-синоатлари, аҳлоқ ва маданиятга оид саволларига тўлақонли жавоблар олдилар.

Бўлғуси шоир ва адиблар ҳамда фаол китобхонлар самимий, дилга яқин учрашув бадиий ижоддек сеҳрли оламга янада яқинлаштирганлигини таъкидлаб, тадбир меҳмони ва ташкилотчиларига чексиз миннатдорлик изҳор этдилар.

Гўзалхон САТИБАЕВА,

Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона

марказининг ўлкашунослик сектори мудири.