Мамлакатимизда сўнгги йиллар мобайнида санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш, яшаш муҳити хавфсизлигини ва инсон соғлигини муҳофаза қилишни таъминлаш, санитария-эпидемиология назорати хизмати тизимини такомиллаштириш, соҳада малакали кадрларни тайёрлашга йўналтирилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Айниқса, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва соғлиқни сақлаш ходимларининг самарали фаолият кўрсатишлари йўлида яратиб берилган барча шароитлар эришаётган ижобий натижаларимиз учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, лаборатория, шифохона, карантин муассасаларини зарур кимё­вий ашёлар, махсус кийим-бошлар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар, транспортлар, компьютер технологиялари билан тўлиқ таъминланиши, беморларни фақат давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволашнинг жорий этилиши, соҳанинг фидойи мутахассислари моддий рағбатлантирилиши ўз самарасини бераётир.

Бизнинг бўлим саксон йиллик тарихга эга бўлиб, 1955 йилгача РайЛСО (туман даволаш-санитария бирлашмаси) қошида 3 та бўлим, 21 нафар ходим билан фаолият олиб борган. Санитария-эпидемиологик станция номи билан 1955 йилда алоҳида ажраб чиққан ва унга биринчи бўлиб Абдулхай Акрамов бош врач этиб тайинланиб, 25 йил бошқарган. 1958 йилда станцияга 1 та дезокамера ажратилган. Станция 1980 йилларга қадар тумандаги 3 та қишлоқда мослаштирилган биноларда иш олиб борган. 1980 йилда станция учун алоҳида бино қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Абдумажид Воҳидов оддий қишлоқ мактабини аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент Давлат тиббиёт инс­титутининг санитария-гигиена факультетини 1971 йилда тамомлаган ва Учқўрғон-Норин туманлараро Санитария-эпидемиология станциясида бўлим мудири вазифасида ишлаган. Жуда қисқа вақтда 9 йилда (1980 йил) унга туман санитария-эпидемиологик станциясини бошқариш ваколати топширилган ва 2010 йилга қадар 30 йил шу бўлимни бош­қарган. Бу маъсулият унинг халқ олдида турган вазифаларни халол, виждонан бажришга ундаган ва туманда биринчилардан бўлиб, аккредитация лабораториясини ишга туширишга муваффақ бўлган. Ҳозирга қадар бу лаборатория вилоят ва ҳатто республикада ўз ўрнига эга бўлиб, ишини давом эттирмоқда.  Бўлимлар сони, иш ҳажмининг ортиши сабаб, иш ўринлар сони кенгайди.

Акрамов, Воҳидов мактаби ҳали-ҳануз давом этмоқда ва ҳозирга қадар Республикада ўз ўрнига эга бўлим сифатида фаолият олиб бормоқда.

Муассаса биноси 2020 йилда дас­тур асосида таъмирланди. Ишчи-ходимлар учун зарур меҳнат шароит­лари яратилган. 21 нафар ходим билан иш бошлаган ташкилотда кейинги пайтда 100 нафардан зиёд ходим меҳнат қилаяпди. Бўлимлар сони 3 тадан 9 тага кўпайди. 2 та "DAMAS" ва вакцина ташиш учун "CHANGAM" автотранспорти хизматга шай.

Хавфсиз иммунизацияни ташкил этишда вакциналарни талаб этилган ҳароратда сақлаш, уларни ҳудудларга етказиш учун барча шароитлар яратилган. Бўлимда инвес­тиция дастури асосида 2020 йил октябрь ойида 187 миллион 359 минг 53 сўм смета қийматига эга бўлган вакцина сақлаш омбори ҳозирги замон талабларига мос равишда фойдаланишга топширилди.

Юқумли ва паразитар касалликларнинг юзага келиши, тарқалишининг олдини олишга қаратилган дезинфекция тадбирлари ўтказилишини ташкил қилишда ва амалга оширишда автодезокамера, автомакслар билан таъминланган.

Эпидемиология бўлимида аҳоли ўртасида юқумли касалликлар олдини олиш борасида тизимли иш ташкил этилган. Бўлимга келиб тушган ҳар бир шошилинч хабарнома https:ҒҒykem.SSV.UZ дастури тизимига киритиб борилиши ташкил этилган. Бу юқумли касалликлар ўчоқларида ўз вақтида эпидемиологик суриштирув ишларини олиб боришга ва мулоқотдагиларни назоратга олишда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан туманда юқумли касалликлар бўйича эпидемик ва­зиятни янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш, шу билан бирга аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида тизимли равишда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Яқинда бизнинг бўлим вазирлик ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан республикадаги энг намунали бўлим дея эътироф этилди ва тақдирланди. Эл соғ­лиги, осо­йишталиги йўлида хизмат қилар эканмиз, энг аввало, шундай мамлакатнинг фуқароси эканлигимиздан, элпарвар, ҳаётини халқининг бахт-саодати йўлида бахшида этаётган фидойи Юртбошимиз борлигидан ҳар қанча фахрлансак, уларга елкадош, қўшқанот бўлиб меҳнат қилсак шунча оз. Айниқса, сўнги йилларда барча соҳаларда қўйилаётган собит қадамлар, қўлга киритилаётган натижалар, ютуқлар ҳақида дунё ҳамжамияти томонидан билдирилаётган эътирофлар ҳам барчамизни ҳамжиҳатлик билан янада фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

Матлуба ТУЛЯНОВА,

Учқўрғон тумани СЭО ва ЖСБ врачи.