Халқимиз елкасига офтоб тегиб, ўз Ватани, ўз давлатида эмин-эркин яшашдек чинакам саодат сари дадил одимлар ташлай бошлаганига ҳам ўттиз уч йил тўлмоқда. Албатта, бу йилларнинг ўзига хос мураккабликлари, муаммоларини бошдан кечириб ўтаётганимиз ҳам асло сир эмас. Инчунин, мустақиллик – залворли вазифалар юкини зиммага олиш, унинг ҳам иқтисодий, ҳам маънавий тантанаси учун курашишга масъулликни чуқур англаб етишни ҳар биримиздан талаб этади ва ҳануз шундай. Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида таъкидланганидек: "Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида мустақил давлат бўлиб, дунёга очилиб яшаш, эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаб, замонавий тараққиётга эришиш нақадар улуғ бахт ва шараф, шу билан бирга улкан масъулият эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз".
Янги Ўзбекистонимиз бугун улкан қурилиш майдонига айланиб кетди. Қаёққа қарамайлик, муҳташам бинолар қад ростлаётганини кўрамиз. Бунёдкор халқ сифатида донғу довруғимиз оламга таралаяпти. Энг муҳими, қурилишлар кўлами шунчалар кенгки, барча шаҳру қишлоқларимиз йилдан-йилга замонавий тусга кирмоқда. Шу билан бир вақтда "Яшил макон" яратиш ҳаракати авжида. Кўзимизни қувонтирувчи, ҳавомизни тозаловчи, баҳру дилимизни очувчи яшил дўстларимизга меҳримиз янада зиёдалашиб бормоқда.
Етти ёшли боладан бошлаб, етмиш яшар бобою момоларгача турфа хил мевали ва манзарали ниҳоллар ўтқазишаётгани табиатга меҳру муҳаббатимиз беқиёслигидан далолат эмасми?! Наманганликларнинг гулсеварлиги ўзига хос брендга айланишга улгургани эса беинкор ҳаётий ҳақиқатдир. Халқаро фестивалнинг бу йилги файзу таровати ҳатто хорижликларни мафтун этганига ўзимиз шоҳидмиз. Зиёратчиларнинг қизиқишлари эса уларни гул сайридан сўнг кўҳна тарих сиру синоатларини оламга кўз-кўзлаш учун яратилаётган очиқ осмон остидаги Ахсикент музейи томон етаклайверди. Сирдарё ёқасидаги юксак тепаликлар бағридаги 2500 йиллик кўҳна тарихий ёдгорликларнинг юзидаги "тупроқпарда" бугунга келиб кенг миқёсда очилмоқда. Меҳмонлару туристларнинг нигоҳларида бениҳоя ҳайрат жилваланмоқда.
Биз – асли азал буюк халқмиз. Амир Темур авлодларимиз. Бобомизнинг "Куч – адолатда!" деган сўзларида нақадар ҳикматли маъно мужассамлигини айниқса ҳозир қалбдан ҳис қилмоқдамиз. Қутлуғ айём арафасида "Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!" шиори билан ўқияпмиз, ишлаяпмиз, яшаяпмиз. Дарҳақиқат, қўлга киритаётган барча ютуқларимизнинг етакчи омили – аҳиллигимиз ва уюшқоқлигимиздир. Кўпмиллатли давлатимизда яшовчи турли миллат вакилларининг дўсту иноқлигига ҳам асло кўз тегмасин! Бағрикенг халқимизнинг истиқлоли барқарор, бахт-иқболи эса бардавом бўлсин!