Мукаммал таъмирланган, замонавий кўринишдаги ўнлаб тиббиёт масканлари – истиқлолнинг 33 йиллигига муносиб совға бўлмоқда

Маълумки, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган, зарур тиббий хизмат ва маслаҳатларни олиш учун одамларга энг яқин бўлган тиббиёт масканлари – бу бирламчи тизим муассасаларидир. Шунинг учун ҳам оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари имкониятларини ривожлантириш вазифасига устувор аҳамият берилмоқда.

Давлатобод туманидаги "Ўрта Ровустон" маҳалласида янгидан барпо этилган 20-сонли оилавий поликлиника муҳтарам Президентимиз халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида кўрсатаётган ғамхўрликларининг яна бир ифодаси бўлди.

Душанба куни ушбу маскан тақдимоти кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унда вилоят сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Таъкидландики, яқиндагина бу ерда 8-оилавий поликлиниканинг филиали сифатида фойдаланиб келинган бир қаватли, шароитлари ғоят чекланган бино бўлар эди.  Муҳтарам Президентимизнинг "Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!" деган ҳикматлари ҳақиқат эканлиги ўша эски иморат ўрнида кўп қаватли, барча замонавий қулайликларга эга бўлган муҳташам бино қисқа вақт ичида қурилиб, фойдаланишга топширилишида ҳам акс этиб турибди.

100 қатновга эга мазкур янги бирламчи тиббиёт муассасаси биноси ва иншоотлари қурилиши учун салкам 4 миллиард сўм маблағ сарфланди. Лойиҳани «Техно қурилиш-889» МЧЖ қурувчилари амалга оширдилар.

Байрамона ўтган тақдимотда рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар янгича қиёфадаги ушбу поликлиника шароитлари билан танишдилар.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.