Мукаммал таъмирланган вилоят болалар шифохонасининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди

Истиқлолимизнинг 33 ёши нишонланадиган йилда Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 10 та даволаш-профилактика муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва уларга 65,6 миллиард сўм маблағ сарф­ланди. Байрам арафасида уларнинг тақдимоти кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда.

Давлатобод тумани "Ирвадон" маҳалласи ҳудудида жойлашган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бино ва иншоотлари йиллар давомида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Шуни эътиборга олган ҳолда, жорий йил бошидан 395 ўринли шифохона биноларини реконс­трукция қилиш ишларига астойдил  киришилди.

"Газ таъмир-пардоз" масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан қисқа фурсатда салкам 10 миллиард сўмликка яқин пардозлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида тиббиёт муассасаси янада кўркам, қулай ва муҳташам саломатлик масканига айланди.

Байрамона руҳда ўтган тақдимот маросимида вилоят сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бу ерда келажагимиз ворисларини даволаш, саломатликларини мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, бу каби амалий саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши ҳақида тўхталди.

Рамзий лента қирқилгач, ичкаридаги шароитлар билан яқиндан танишган жамоатчилик вакиллари бунга амалда гувоҳ бўлдилар.