Бундан буён тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқини муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш белгилаб берилди.
2015 йилнинг 1 июлидан ўрнатилган тартибга асосан, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларда эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади.
Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календар кунидан ошмаслиги керак.
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олиши кўрсатилган.
Қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу хуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилиниши каби енгилликлар берилди.
Бундан ташқари, фармон билан яна 2015 йилнинг 1 июлига қадар турли идоралар ҳузуридаги "бир дарча" хизматлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилади, "бир дарча" марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар тизимга интеграция қилинди, таъсис ҳужжатлари ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун тақдим этиладиган бошқа ҳужжатлар, жумладан, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг намунавий шакллари ишлаб чиқилди.
"Бир дарча" марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечиктирмасдан бошланиши таъминланади. Шу муддатдан бошлаб "бир дарча" марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланиши белгиланган.
Назиржон ДАВЛАТОВ,
бошқарма бош мутахассиси.