Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган вилояти филиалида 6400 нафардан зиёд киши фаолият олиб боради. Филиал раҳбарияти, касаба уюшма қўмитаси, ходимлар бўлими улар ўртасида маънавий-маърифий, касбий салоҳиятни ўстиришга қаратилган тадбирларни мунтазам ўтказиб боришга жиддий ёндошмоқдалар.

Айниқса, инсоний қадр, касбга садоқат, бурч масъулиятига оид ахлоқий-тарбиявий ишлар улкан жамоани бир жон-бир танга айлантириш, хизмат сифати ва самарадорлигини оширишнинг муҳим омили бўлмоқда. Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "Икки авлод учрашуви" ёшларни бахтли авлод вакиллари эканликлари билан фахрлантирди.

Анжуманни филиал директори Адҳамжон Ирисбоев очиб, Президентимизнинг "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-283-сонли қарори асосида амалга оширилган туб бурилиш ҳақида сўз юритди. Таъкидланганидек, аввал автомобиллар алоҳида автокорхонага, шаҳар тез тиббий марказлари РШТЁИМга, туманлардагиси ТТБларга бўйсунган. Бошқарув тарқоқлиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқарарди. Қарорга биноан 14 та марказлашган, 124 та шохобча шакллантирилди. Улар учун замонавий бинолар ажратилди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларига эга 61 та "Volkswagen" русумидаги автомобиллар, кўплаб реаномобиллар келтирилди. Ёқилғи-мойлаш, дори-дармон, сарфлов материалларидаги тақчилликларга барҳам берилди.

Учрашувда сўзга чиққан тез ёрдам фахрийлари Нўъмонжон Қорабоев, Роҳила Сирожиддинова, Олимжон Раҳимов ва бошқалар аввалги тизимда тиббий воситалар тақчиллиги сабаб чеккан машаққатлари, Янги Ўзбекистонда эса соҳа таъминоти, шароитлар аъло даражадалиги, шифокорлар қадр-қиммати юксалтирилаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

Ёшлар учрашув ташкилотчиларига катта авлод вакиллари ташрифи ва уларнинг касб­га меҳрларини жўшдирган ҳаяжонли суҳбатлари учун миннатдорчилик изҳор этдилар.

Тадбир ниҳоясида нуронийларга байрам совғалари топширилди.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.