Энг улуғ, энг азиз байрам олдидан 24-25 август кунлари "Маҳалла обод – юрт обод" шиори  остида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида вилоятдаги мавжуд 810 дан ортиқ  даволаш-профилактика муассасалари, жумладан 520 дан зиёд нодавлат шифохоналар  жамоалари сидқидил қатнашдилар.

Зеро, тиббиёт аҳли ободончилик, озодагарчилик, покизалик ва кўкаламзорлаштиришнинг қадр-қимматини ҳаммадан чуқурроқ англайдилар. Шу боис юртдошлар саломатлигини сақлашнинг бу муҳим омилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишига муносиб ҳисса қўшишни қалб амри, деб билдилар. Истиқлолимизнинг 33 йиллигини тиббий хизмат сифат ва самарадорлигини оширишдаги  ютуқлар билан кутиб олиш баробарида муассасалар ҳудудларига табаррук санага монанд кўркамлик бахш этдилар.

Икки кунлик ҳашарда  20 мингга яқин  врач, ҳамшира, ишчи ходимлар қатнашиб, ўз ҳудудларидаги гулзорларни юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, 21 минг туп  дарахт, 25 километр бардюрларни  оқлаш, 28 километр ариқ ва зовурларни тозалаш, 55 гектар майдонни саришталаш, бинолар фасадида юзага келган камчиликларни бутлаш каби беҳад савобли ишларни амалга оширдилар.