ЁХУД "АНДРОЛОГИЯ-N" ТИББИЁТ МАРКАЗИДА ТАҚДИМОТ ТАНТАНАСИ
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги "ANDROLOGIYA-N" тиббиёт марказига мамлакатимиз пойтахти – Тошкентдан академик-тиббиётчилар, тиббиёт фанлари докторлари – Жуманазар Бекназаров ва Алижон Зоҳидийлар ташриф буюришди. Уларнинг келиши шифокорлар жамоасини ғоят қувонтирди. Ташриф сабабини эса ҳурматли меҳмонларнинг ўзлари ғоят мамнуният билан маълум қилдилар.
– Биз Халқаро Турон фанлар академияси йўлланмаси билан Наманганга келдик, – дея сўз бошлади республикага таниқли педиатр, уролог-жарроҳ Жуманазар Бекназаров. – Зиммамизга масъулиятли ва шарафли вазифани адо этиш юклатилган. Яъни Турон фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирзо Нурматовни табриклаш ҳамда унга академиклик мандатини, кўкрак нишонини топширишимиз керак. Бу инсон менинг энг талантли шогирдларимдан биридир. Билиб қўйганларингиз маъқул, олимнинг урологик жарроҳлик бобидаги ихтиросидан АҚШ, Англия, Голландия, Польша ва Германияда фойдаланишмоқда. У жуда меҳнаткаш, ўз устида тинмай ишлайди. Тиббиётга оид адабиётлардан олган билимини амалиётга дадил қўллайди.
Мазкур клиникада йилига 3 мингдан зиёд операцияларнинг муваффақиятли ўтказилишида унинг чуқур билими, юксак лаёқати муҳим роль ўйнамоқда. Рўйи-рост айтганда, кейинги пайтда бизнинг пойтахтдаги клиникамизга Наманган, Андижон ва Фарғонадан нажот истаб борувчиларнинг узоғи яқин бўлди. Улар энди Ёдгормирзога мурожаат этишмоқда. Тиббий амалиётдаги илк устози – Наманган урологиясининг асосчиларидан саналмиш Аҳмаджон Мамажоновнинг қимматли тажрибасини пухта ўзлаштирган. Бугун бемалол айтишим мумкинки, Ёдгормирзо устозидан ўзган шогирддир. Мен ҳозир шуни яққол кўриб турибман. Клиника раҳбари ҳали бу ерда шундай ишларни амалга оширадики, ёнида кўплаб шогирдлари қимматли тажрибаларини ўрганадилар, бевосита, биргаликда илмий-тадқиқотлар олиб бориб, ўзи каби олимлик мақомига эришадилар.
Домла шогирди андролог ва уролог-жарроҳ Ёдгормирзо Нурматовга академиклик дипломи ва гувоҳномасини тантанали суратда топширди, кўксига эса кўкрак нишони медалини тақиб қўйди.
Тадбирда иштирок этаётган Турон фанлар академиясининг вице-президенти, Халқаро Турон Ёзувчилар уюшмаси раиси, тиббиёт, табобат ва тарих фанлари доктори, профессор Алижон Зоҳидийнинг чиқиши ғоят ҳаяжонли кечди. Таниқли олим даставвал Турон фанлар академиясининг ибратли фаолияти ҳақида мухтасар маълумот берди. Академиклар сафи тиббиётчи олимлар ҳисобига яна биттага кенгайганлигини, академиянинг янги таъсис этилган "Алижон Зоҳидий" кўкрак нишонига ҳам муносиб кўрилганини зўр мамнуният билан таъкидлади.
Устоз-тиббиётчи Жуманазар Бекназаров нафақат ўз шогирдига, шунингдек, Наманган давлат университетининг тиббиёт факультети профессори Мирмаҳмуд Мурсайдуллаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси, олий тоифали шифокор Аъзамжон Обиловга ҳам "Алижон Зоҳидий" кўкрак нишонини тантанали суратда тақдим қилди.
Анжуман тўрисида пойтахтлик меҳмонлар қаторида ўтирган, вилоятда урология соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган меҳнат фахрийси Аҳмаджон ота Мамажонов шогирди камолидан қувониб, тўлқинланиб, қалб сўзларини изҳорлади:
– Ёдгормирзо Андижон давлат тиббиёт институтини тугаллаб, ўша илм даргоҳининг болалар хирургияси кафедрасида клиник-ординатурани ҳам ўтагач, 1995 йили Наманганга қайтиб, бизнинг жамоага қўшилди. Вилоятда болалар урологиясини ташкил қилган мана шу йигит бўлади. Мен Ёдгормирзога фақат зарур имкониятлар яратиб, йўл-йўриқлар бериб турганман. Боиси, у изланувчан ва билимдон эди. Бир нарсани ўрганишга киришдими, охирига етказмагунча тўхтамасди. Домламиз Жуманазар Бекназаров раҳбарликларида илмий-тадқиқот олиб бориб, ниҳоят тиббиёт фанлари доктори мақомига эришди. Бугунга келиб, академик мартабасига муяссар бўлиб турибди. Бундан беҳад фахрланаман.
Яхши инсон қаерда ишласа, ўша жойда ўзидан қутлуғ излар қолдириши анжуман давомида қайта-қайта такрорланди.
– Мен вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази барча ходимлари номидан Ёдгормирзони қутлайман, – деди муассаса раҳбари Абдумалик Раҳмонов.– Кўп йил ёнма-ён ишладик. У болалар урологияси бўлими ишини ташкиллади, марказимизнинг республикадаги энг илғор муассасалар қаторидан ўрин олишига катта ҳисса қўшди. Ёдгормирзо ўзининг илмий ишлари, ихтиролари, амалий фаолияти билан хорижга чиқиб, урология ва андрология йўналишида барча ҳамкасбларига ўрнак кўрсатаётган мутахассис. Бундай ютуқлари бардавом бўлишини истаб қоламан.
Анжуманда вилоят олимларининг вакиллари, яъни андролог-академикнинг дўсту қадрдонлари ҳам қатнашишиб, кўнгилларида бир олам қувончу ҳавас туйғуларини туйишди.
– Дўстимиз, укамиз Ёдгормирзога ота қадрдони бўламан, – деди Наманган қурилиш – муҳандислик институти доценти Олимжон Эгамбердиев. – У ҳамиша Ҳотаммирза отанинг дуосини олиб яшади. "Отангизга раҳмат!" деган эл олқишига кеча-кундуз сазовор. Академик олимга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди.
Тантанада устозу шогирдларнинг бир-бирларига юксак ҳурмат-эҳтироми йиғилганларнинг алоҳида эътиборини тортди. Тошкентдан ташриф буюрган олим-ижодкор меҳмонлар – Жуманазар Бекназаров ва Алижон Зоҳидий ўзларининг янги китобларидан иборат совғалар тарқатишди. Мезбонлар эса миллиёна илтифот билан меҳмонларга зарчопон ва дўппилар кийдиришди.
Тадбир ташкилотчиси – Турон ФА Наманган филиали раиси Соҳибахон Аъзамова ҳам бир неча илғор тиббиётчиларга академиянинг "Амир Темур" халқаро эсдалик нишонларини топширди.
Содиқ САЙҲУН,
Турон фанлар академияси академиги.