Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар баробарида "Инсон қадри учун" ғоясини ҳаётга татбиқ этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, кекса авлод вакиллари, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, саломатликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш диққат марказида.
Истиқлол йилларида бу борада қатор эзгу ишлар қилинганидан барчамиз бохабармиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига қарашли кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун барпо қилинган "Косонсой" санаторияси йил сайин тараққий эттирилиши ана шу улуғвор саъй-ҳаракатларнинг ёрқин далилидир.
Сиҳатгоҳ тарихига назар ташласак, мустақиллик йилларида равнақ топиб, ҳордиқ чиқарувчи ва даволанувчиларнинг севимли маскани сифатида довруғ таратди. Янги аср бошида муассаса бинолари мукаммал реконструкция қилиниб, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари саломатлигини тиклаш даргоҳига айлантирилди. Илк даврларда 75 ўринга эга бўлган сиҳатгоҳ имкониятлари кенгайтирилди. Косонсой туманининг шимолий қисмида жойлашган муассасанинг умумий майдони 5,8 гектарга етказилди. Ўринлар сони 200 дан ортди.
– Санатория юрак-қонтомир, асаб тизими, таянч-ҳаракат касалликларини даволаш учун ихтисослашган, – дейди бош шифокор Ҳусанбой Юсуфжонов. – Ер қаъридан олинаётган минерал сув таркиби кальций, магний, литий, натрий, калий, стронций, кобальт, никель, қўрғошин, рух, фтор, хлор, сульфат, гидрокарбонат, карбонат, катион ва анион каби 20 га яқин микроэлементлар ҳамда кимёвий моддаларга бой. Бу шифобахш неъматлар ихлосмандлар танига қувват бағишлашда асосий омил бўлмоқда. Соғломлаштириш жараёнларида минерал сувли муолажалардан – минерал ванналар, айланма душ, физиотерапевтик, юқори ва паст частотали электр муолажалар, даволовчи массаж, парафин-озокерит аппликациялари, гиёҳли дамламалар ичириш, жисмоний муолажа машқлари, игна билан даволаш ва бошқа 30 турдан ортиқ замонавий тиббий усуллар қўлланилмоқда.
Санатория барча кулайликларга эга бўлган ётоқхона бўлимлари, даволаш бўлими, ошхона, бошқа ёрдамчи бино ва иншоотлардан ташкил топган. 2 – 3 ўринли хоналар замонавий шарт-шароитларга эга. Шундай бўлса-да, сиҳатгоҳни бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш ва кекса авлод вакиллари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулайликларни вужудга келтириш зарурати туғилди. Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги "2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-98-сонли Қарорига асосан сиҳатгоҳда кенг кўламда реконструкция ишлари амалга оширилди. Қўшимча бинолар қурилди. Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 14 миллиард 75 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада замонавий даволаш бўлими ва 50 ўринли яна бир ётоқхона бунёд этилди.
Дарҳақиқат, қурилиш-таъмирлаш ишлари якунида муассаса ҳар жиҳатдан ривожлантирилди. Даволаш сифат ва самарадорлигини оширишнинг янгидан-янги тартиб-тамойиллари қўлланилди. Айни пайтда Тамара Исроилова, Зоҳида Шарипова, Иззатжон Маликов, Оминахон Мақсудова, Фозилжон Маҳмудов, Роҳила Орипова, Маъруфжон Усмонов, Ёқубжон Сайдалиев каби нажоткорлар фаолиятидан дам олувчилар беҳад мамнун бўлишмоқда.
– Ҳозир 74 ёшдаман. 15 йилдан бери шу ерга келиб, дам оламан, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Бахтиёр Бозорбоев. – Давлатимизга раҳмат, биз кекса авлод вакилларига мисли кўрилмаган ғамхўрликлар қилинмоқда. Санатория маъмурияти ва ходимларидан беҳад мамнунмиз. Муассаса жамоаси бизга намунали хизмат кўрсатмоқда.
Бу каби изҳорларни кўплаб ташриф буюрувчилардан эшитдик. Самарқандлик Майсара Воҳидова, фарғоналик Аваз ота Акрамжоновлар ҳам яратилган қулайликлар боис мириқиб ҳордиқ чиқариш билан бирга саломатликларини тиклаётганликларини мамнуният билан таъкидлашди.
Сўлим ва баҳаво сиҳатгоҳ дид билан кўкаламзорлаштирилган. Салқин, тоғ шабодаси эсиб турадиган масканда нафақат даволаш ишлари, балки маънавий-маърифий тадбирлар ҳам намунали йўлга қўйилган. Вилоятимизнинг табаррук қадамжолари ва диққатга сазовор гўшаларига саёҳатлар ташкил этилмоқда. Мамлакатимизнинг турли минтақаларидан келган кўплаб дам олувчилар Халқаро гуллар фестивалининг бетакрор жозибасидан ҳам баҳраманд бўлдилар.
Қисқаси, мафтункор табиат бағрида жойлашган сиҳатгоҳга келган инсонлар кўрсатилган юқори малакали хизматлардан мамнун бўлиб, тетик ва соғлом ҳолда оилалари бағрига қайтмоқдалар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.