Наманган кардиомарказида янги амалиёт
ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда юз бераётган ўлим ҳолатларининг қарийб 58,2 фоизи юрак-қон томир касалликлари оқибатида келиб чиқмоқда. Ташвишли томони, бу турдаги хасталиклар ҳануз ногиронликка олиб борувчи энг асосий сабаблардан биридир. Дарддан азият чекаётган юртдошларимиз яқин йилларгача Германия, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби мамлакатларга даволаниш учун борган бўлса, энди бу йўналишдаги илғор муолажа усуллари Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида ҳам йўлга қўйилган. Соҳада эришилаётган қувончли натижаларга эса Президентимизнинг "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-103-сонли қарори дастуриламал бўлмоқда.
Қарор шарофати билан филиалда кўрсатилаётган юқори технологик, каминвазив кардиологик ҳамда кардиожарроҳлик тиббий хизматлари 100 турдан ортди. Юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизими рақамлаштирилди. Телемедицина ва телеметрия маркази ташкил этилди.
– Юрак-қон томир хасталикларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш жаҳон тиббиётининг долзарб вазифасидир, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – Президентимиз қарори юрак қон-томир касалликлари профилактикаси, диагностикаси, даволаш амалиётлари сифат ва самарадорлигини оширишнинг янги истиқболларини очди. Илғор технологияларнинг кириб келиши, коронарография ва стентлаш амалиётининг жорий этилиши туфайли кейинги 10 йил ичида ўткир миокард инфарктидан ўлим ҳолатлари 9 – 10 фоизгача камайди. Фаолиятни жаҳон андозалари даражасига етказишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Россия, Германия, Белоруссия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша каби қатор давлатларнинг нуфузли тиббий-илмий марказлари ва клиникалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Илмий-амалий алоқалар жаҳон тиббиётининг кўплаб янгиликларини ўзлаштириш омили бўляпти.
Рентгеноэндоваскуляр жарроҳлик бўлимига Германиянинг "SIMENS" компаниясида ишлаб чиқарилган Artis Zee замонавий универсал ангиография ускунаси, электрофизиологик текширувлар учун Американинг EFI stansiya St Jude тизими, радиочастотали аблятор ва бошқа юқори технологияли аппаратлар ўрнатилди. ЭКГ, ЭхоКГ, Холтер-монитор, Дефибриллятор каби ноёб жиҳозлар келтирилди. Бу эса стентлаш, аорта коронар шунтлаш, радиочастотали аблация, электрокардиостимулятор ўрнатиш, юрак клапанларини протезлаш каби очиқ усулдаги амалиётларни қўллаш йилига юзлаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва умрини узайтириш имконини бермоқда. Бундан ташқари, юрак нуқсонларини эндоваскуляр усулда даволаш ҳам кенг йўлга қўйилди.
Тож томирлар сурункали окклюзиясини антеград ва ретроград йўллар билан очиш, стентлаш, катетер орқали аортал клапан имплантацияси, қоринчалараро ва бўлмачалараро тўсиқ дефекти ҳамда юрак туғма нуқсонларини катетер орқали окклюдер билан ёпиш амалиётлари шулар жумласидан. Ушбу инновацион муолажа турларининг ноёблиги шундаки, улар кўкрак қафасини кесмасдан, билак томири орқали бажариляпти.
– Давр тажрибаларни ҳар куни бойитиш, янгиликка интилиш, билим ва маҳоратни тинмай ошириб боришни тақозо этади, – дейди филиалнинг рентгеноэндоваскуляр бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Акмалжон Жалилов. – Шу боис доимо жарроҳлик муолажасининг янги-янги турлари ва йўналишларини ўзлаштиришга интиляпмиз. Жумладан, юрак қон-томир касалликларининг кенг тарқалган турларидан бири периферик артериялар касаллиги, яъни қўл ва оёқларни қон билан таъминлайдиган томирларда пайдо бўладиган хасталикни оператив тарзда даволашнинг бир неча усулларини қўллаб келганмиз. Бунинг янада афзал усули – ангиопластик йўналишни жорий этишга киришдик. Шу мақсадда И.И. Жанилидзе номидаги Санкт-Петербург тез ёрдам илмий-тадқиқот институти юрак-қон томир ва эндоваскуляр хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди, таниқли кардиожарроҳ Сергей Александрович Платоновни таклиф этдик. Олим-шифокорнинг "Маҳорат сабоқлари" доирасида мазкур ноёб усулни беш нафар бемор операцияси жараёнида муваффақиятли қўлладик.
С. А. Платонов ва филиал мутахассислари ўзларини азалий қадрдонлардек тутишларидан кўп йиллардан бери ҳамкор бўлишса керак, дейсиз. Йўқ, улар бир-бирларини Халқаро кардиологлар ассоциациясининг ижтимоий тармоқларидан билганлар, топишганлар, соҳа бўйича фикр алмашиб келганлар. Ниҳоят, филиал раҳбариятининг ташаббуси билан россиялик касбдошлари Наманганга келди. Юқори технологияли ангиографик жамланма воситасида, тананинг қуйи периферик артериа патологиясидан азият чекаётган беморларга рентген-жарроҳлик йўли билан малакали ёрдам кўрсатиш режаси ишлаб чиқилди.
– Шу куни операция қилинган беш нафар беморнинг аҳволи оғир эди, – дея шарҳлайди Акмалжон Олимович. – Уларга узоқ йиллардан бери қандли диабетнинг оғир асоратларидан бири бўлган периферик қон томирларда қон айланиши етишмовчилиги оқибатида келиб чиқадиган қорасон, яъни гангрена хавф солиб келган. Оёқлар музлаши, қаттиқ оғриши билан кечадиган бу касаллик озиқланиш бузилиши ҳисобига пайдо бўлган трофик яралар ҳосил қилган. Муаммонинг энг мақбул чораси ангиопластик амалиёт эди. Бу усулда бадан кесилмайди. Фақатгина ангиографнинг диаметри 2 миллиметрли "игнаси" артерияга киритилади, холос. Сергей Александрович билан бу тажрибани ҳамкорликда муваффақиятли қўллаб, шундай беморларни янги усулда даволашни, аниқроғи, оёқлари кесилишидан сақлаб қолишни бошладик. Беморларда қон айланиш изга тушиши ҳисобига оғриқлар, безовталовчи бошқа асоратлар ҳозирнинг ўзида тўхтади, трофик яралар ҳам тезда битади. Ҳозир уларни бемор дейишга ҳам тил бормайди, дарддан қутулиб, кулиб-яшнаб туришибди.
Уларнинг шодон чеҳраларини кўриш иштиёқи туғилди. Ҳамширалар ёрдамида махсус тайёргарлик кўргач, ҳозиргина жарроҳлик столидан турган инсонлар ҳузурига кирдик. Ҳа, уйқусизликлар, оғриқлар ва тушкунликдан сўлган чеҳралар қуёшдек порларди. Уларнинг бири кўпчиликка таниш, Наманган созандачилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Авазхон Акромов эди.
– Оёқларим музлагандай бўларди, оғриқ, уйқусизлик азоб берарди, – деди у. – Аксига олиб оғриқ қолдирувчи дорилар ҳам таъсир қилмай қўйди. Филиалга келсам, Акмалхон Олимович "Асло руҳингизни туширманг, худо хоҳласа, сизни шу азоблардан халос этамиз" деди. Ичимга ёруғлик тушди. Санкт-Петербургдан келган касбдошлари билан ҳеч еримни кесмай, қон чиқармай, оғриқ ҳам сездирмай, игнага ўхшаган ускуна билан томиримга укол қилаётганга ўхшаб операция қилишди. Ҳали ишларини тугатмасларидан аъзойи баданимга ҳаловат кирди, дилим ёришди. Оёғимга ҳарорат югурди, оғриқ пасайди, енгил ва равон бўлиб қолди. Қаранг, қилдай томир ичидаги дарду иллатни даф қилишди-я! Тиббиётимиз шунчалик ривожлангани, дунёдаги ҳамкасблари билан бўйлашадиган мутахассислар етишиб чиққанига шукур!
Сергей Александрович наманганлик ҳамкасбларини ўзи ишлайдиган клиникада яратилган беморни жарроҳлик муолажасига тайёрлаш алгоритми билан таништирди. Филиалда бу борада тўпланган тажрибаларни ўрганди. Қон томирга тушишнинг ноёб усуллари бўйича илмий-амалий семинар ташкилланди.
"Филиалда кардиологик муолажа ва жарроҳликка оид технологиялар, жаҳондаги кучли бешталикка кирувчи ноёб тиббий жиҳозлар мавжудлиги, мени лол қолдирди, – деди у. – Жамоанинг профессионал даражаси ўта юқорилигига ҳавасим келди. Бундай касбдошлар билан ҳамкорлик катта самаралар бериши аниқ. Келгусида ўта оғир ишемия, юракдаги яралар, қон-томир гангренасини даволашнинг янада афзал усулларини жорий этишга келишиб олдик. Ана шу мақсадда филиал директори билан ҳамкорлик режалари белгиладик. Демак, илмий-амалий алоқаларимиз давом этади. Кейинги ташрифларимда янгиликлар тортиқ этиш билан бирга филиалдаги ноёб истеъдод эгаларининг маҳоратларини ўрганишни ҳам ният қилдим".
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.