Ҳар бир инсон – табиий ва соғлом ҳолатда ўзига хос ҳуснга эга. Қачонки, териси рангида салбий ўзгаришлар юз берса, турли тошмалар тошса, ана шу гўзаллигига путур етади, қараган кўзга хунук кўринади, унинг ўзига эса бошқалар олдида ноқулайлик туғдиради.

Тери касалликларига қарши тўғри муолажа олиб бориш ниҳоятда муҳим. Бу борадаги салгина малакасизлик, ташхисдаги ноаниқлик муолажада кутилган натижа бермайди. Шу боис, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида вилоятдаги соҳа мутахассисларига тез-тез маҳорат дарслари уюштириб келинмоқда. Бу галги тадбирга яна мамлакатимиз пойтахтида фаолият юритаётган мазкур марказнинг етакчи илмий ходими, айни вақтда Республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош дерматовенерологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Баротович Раҳматов ташриф буюрди.

Одатдагидек филиал биносининг 3-қаватидаги катта хонада шаҳар ва туманларнинг дерматовенерологлари йиғилишди. Улар устознинг беморни қабул қилиш, тиббий кўрик ўтказиш ва муолажа буюриш тажрибасини кўриб ўзлаштиришди. Албатта, биз ҳам кириб кузатдик.

Эрталабдан врач ҳузурига навбатма-навбат беморлар кира бошлашди. Профессор ўз мутахассислигининг чинакам устаси экан. Дастлаб беморни саволга тутади, сўнгра терисидаги нуқсонларни синчиклаб кўздан кечиради, аниқ ташхис қўйгач, даво муолажалари буюради. Гоҳ-гоҳ хонанинг икки ёнида ўтирган ҳамкасбларини мулоқотга чорлайди. Беморнинг ҳолатини баён қилиб, унга биргаликда даво чоралари белгилайди.

– Икки йилдан буён теримда витилиго хасталиги белги бераётган эди, – дейди Наманган шаҳрида яшовчи Садбархон Турсунова. – Даволандим, лекин батамом қутулиб кета олмаётгандим. Яхшиям пойтахтдан ташриф буюрган Акрам Баротович қабулига келганим. Яна янги укол ва суртма дорилар тавсия этди. Кўнглим роса ёришди. Худо хоҳласа, терим аввалгидек соғлом ва чиройли ҳолатга қайтади. Бунинг учун дўхтирга мингдан-минг раҳмат!

Шунингдек, ўзи ва болаларини кўрсатгани нажот истаб дерматовенеролог қабулига кирган ўндан зиёд аёлларга ҳам зарур маслаҳатлар, тавсиялар берилди. Эътиборлиси, беморлар қўлига фақат қуруқ рецептнинг ўзи тутқазилмади. Ҳар бирлари билан ўтказилган тиббий кўрик якунида врач қуйидаги гапларини қайта-қайта такрорлади:

– Тушундингизми? Унда жуда соз. Айтганларимга амал қилиб, вақтида суртмани терингизга суртиб боринг, мана бу мазь биздан сизга совға!..

– Кўрдингиз, Акрам Баротович витилиго касали борларга "Мупокс", кепакланувчи қазғоқли доғи борларга "Луказол" мазлари тарқатдилар. Бу беморлар учун ўзига хос яна бир ғамхўрлик, – деди филиал директори Бахтиёр Қодиров. – Энг муҳими, вилоятимиз мутахассисларига хонанинг ўзида кўргазмали семинар ташкил этиб, слайдлардан фойдаланган ҳолда "Псориаз ҳамда витилиго касалликларида физиотерапевтик даво муолажаларига замонавий ёндашиш" ва "Ихтиёз касаллигининг клиникаси, этиопатогенизи, қиёсий ташхисоти, уни замонавий физиотерапевтик муолажалар билан комплекс даволаш усуллари" мавзуида маҳорат дарслари ўтиб бердилар. Устоздан кўп нарсаларни ўргандик.

– Биз республика бош дерматовенерологи Акрам Баротовичнинг кўргазмали маърузаларини тинглаб, беморлар тиббий кўригини кузатиб, фойдали мулоқотларида фаол қатнашиб, даволашдаги серсамара янгиликлардан яна баҳраманд бўлдик, – дея эътироф этди Тўрақўрғон тумани кўптармоқли марказий поликлиникаси тери касалликлари врачи Олимжон Холмирзаев. – Домладан олган сабоқларимиздан бундан буён беморларни даволашда изчил фойдаланамиз, албатта.

Дарҳақиқат, навбатдаги илмий-назарий, тиббий-амалий тадбир ғоят самарали ўтди. РИД ва КИАТМнинг Наманган филиали ҳамда шаҳар ва туманлардан таклиф қилинган ҳамкасблар ўзларининг билим, тажриба маҳоратларини янада бойитдилар.

Содиқ САЙҲУН.