Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Дилором МАМАТХОНОВА билан суҳбат.

– Дилором Шарифжоновна, давлатимиз раҳбарининг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сонли Фармони соҳада туб бурилиш ясаш имконини берди. Тиббий хизмат энг чекка ҳудудларгача етиб бориши баробарида соғлом турмуш ғоя ва мақсади олис-олислардаги юртдошларимиз қалби ва онгини эгаллади, десак муболаға бўлмаса керак.

– Албатта. Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда саломатлик тамойиллари замонавий, қизиқарли, жозибадор шакларда изчил тарғиб ва татбиқ этилмоқда. Ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлиши учун зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирлари тизимли равишда амалга ошириляпти.

Таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом, ширинликлар, нон маҳсулотлари истеъмолини меъёрдан оширмаслик, тартибсиз овқатланиш, алкоголь, тамакидан воз кечиш йўналишларидаги амалиётларимиз касалликка чалиниш, ортиқча вазн, бевақт вафот этишни камайтиришда тобора катта аҳамият касб этяпти. Давлат ва нодавлат тиббий муассасалар жамоалари, ҳамкор ташкилотлар кўмагида оила, маҳалла, таълим муассасаларида санитария-гигиена қоидалари, жисмоний фаоллик, юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, "Workоut" каби спорт турлари бўйича ўтказилаётган эстафета, акция, беллашувларда фаол иштирок этишга интилаётган фуқаролар сафи ой сайин ортаётгани ана шундан далолат.

Мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ҳамширалари тарбияланувчи-ю ўқувчиларни жисмоний чиниқтирадиган машғулотларнинг сифат ва самарадорлигига нисбатан назоратни кучайтирганлар. Шунингдек, улар ўғил-қизларимизда санитария-гигиена тушунчаси, овқатланиш режими ва тиббий маданият кўникмасини камол топтириш учун бадантарбия машқлари, спорт-кўнгилочар дастурларини ташкиллашда бош-қош бўлмоқдалар.

– Соғлом турмуш тарзи ибораси тилимиздан ва дилимиздан ўз ўрнини эгаллади. Бироқ ҳали ҳам унинг маъно кўлами нақадар кенглиги, мақсад-моҳиятининг долзарблигини тўла идрок этдик деёлмаймиз. Шу ҳақда кенгроқ тўхталсангиз.

– Соғлом турмуш тарзи унумли меҳнат, фаол дам олиш, бадантарбия ва спорт билан шуғулланиш, организмни чиниқтириш, шахсий гигиенага риоя қилиш, оқилона овқатланиш, зарарли одатлардан тийилиш, ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб туриш ва шу каби бошқа кўплаб таркибий қисмлардан иборатдир.

Турмуш тарзи – бу, тарихий тараққиёт жараёнида шаклланган инсонлар хатти-ҳаракатининг, фаолиятининг мажмуи. Шахснинг турмуш тарзи қамраган комплекс кўрсаткичлар қаторига унинг қандай яшаши, оилавий муҳити, касб-кори, қизиқиш ва интилишлари ҳам киради. Айниқса, одамларнинг овқатланиши, маълумоти, иш билан бандлиги, меҳнат шароити, ижтимоий таъминланганлиги, кийиниши, бўш вақтдан фойдаланиши ҳам турмуш тарзини шакллантирувчи омиллардир. Биз яшаш формуласининг инсон жисмоний, руҳий, ақлий жиҳатдан баркамол, соғлом ва бахтли умр кечиришига хизмат қилувчи андозаларини журъат ва суръат билан татбиқ қиляпмиз.

– Соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг чек-чегараси йўқ. Унинг энг муҳим йўналишларига нималарни киритган бўлардингиз?

– Биринчи галда саломатликни сақлаш омилларини кенг, чуқур ва мунтазам жорий қилиб бориш. Меҳнат гигиенаси, рационал овқатланиш, шахсий гигиена, атроф-муҳит ва дам олиш гигиенаси, оптимал ҳаракат режими, жисмоний тарбия ва спорт, стресслар, руҳий зўриқишлардан асраниш, организмни чиниқтириш, психогигиена, соғлиққа зарар етказувчи хавф омилларидан огоҳлик – шу кабилар соғлом турмуш тарзининг устувор йўналишларидир.

Соғлом турмуш тарзининг асосий тамойили – бу, тўғри овқатланиш. Бозор, супермаркет, хиёбон, парк, сайилгоҳ, корхона ва ташкилотларда ҳар пайшанба "Соғлом овқатланиш куни" кўргазмали тадбирлари олиб бориляпти. Боғлар, супермаркет ва маҳаллаларда "Соғлом овқатланиш ярмарка"лари ташкилланиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг организмга ижобий ва салбий таъсири тўғрисида маълумотлар интерактив ўйинлар орқали етказиляпти.

– Олимлар "...саломатлик – бу, баданда касаллик ва жисмоний камчилик йўқлигини англатибгина қолмайди, балки унинг ташқи табиий муҳитга мутаносиблиги, ижтимоий, биологик ва руҳий ҳолатининг уйғунлигини ҳам тақозо этади", дейишади.

– Ҳақиқатан шундай. Ана шу уйғунлик бузилса, албатта, саломатликка путур етади. Соғ-саломат бўлиш, фаол меҳнат қилиш, узоқ умр кўриш ҳамда бахт-саодатли яшаш одамнинг қўлидан келадиган, мураккаб бўлмаган қоидаларга амалга қилишига боғлиқ. Бу шартлар нималардан иборат? Биринчи, тўғри овқатланиш. Иккинчи, жисмоний фаоллик, Учинчи, кун ва ишни режим асосида ташкил қилиш. Тўртинчи, руҳий осойишталик ёки асабий мувозанатни таъминлаш. Бешинчи, ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик ва бадфеълликдан халос бўлиш. Олтинчи, озодалик, орасталик, покиза туйғу ва фазилатларга интилиб яшаш.

– Бўлинма ҳамкор ташкилотлар кўмагида жорий йилнинг ўтган ойларида амалга оширган ишлари ҳақида тасаввур уйғотувчи рақамларга ҳам мурожаат қилсак.

– Мавжуд 775 та МФЙда маҳалла еттилиги, фаоллари, тиббиётчилар, спорт-соғломлаштириш ташкилотлари мутахассислари, ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида шакллантирилган "Саломатлик мактаби" фаолияти самарадорлигини ошириш диққат марказида бўлмоқда. Ўтказилган хатловларда 1 миллион 235 минг 370 кишида биринчи, 778 минг 840 кишида иккинчи хавф омили қайд этилди. Улар ўртасида соғломлаштириш ишлари изчил олиб борилди. Биринчи хавф гуруҳига мансуб аҳоли орасида 790 марта учрашув, давра суҳбати, тренинглар ўтказилди. Жумладан, ҳар шанба "Соғлиқ учун 5000 қадам" оммавий юриш марафони уюштирилди. Уларда 25 минг нафардан зиёд киши қатнашуви таъминланди. Иккинчи хавф гуруҳи рўйхатига киритилган 779 минг фуқаро 650 дан ортиқ интерактив шаклларда соғлом турмуш машғулотлари сабоқларидан баҳраманд бўлди.

Қандли диабетнинг 2-тури, юрак-қон томир касалликлари, тана вазнининг ортиши туфайли хавф гуруҳига олинган 2000 нафар иштирокчи мобиль телефони улар ҳолатини онланйн кузатиб бориш мақсадида телеграм-ботга уланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар саломатлигини муҳофаза қилиш юзасидан қўшимча чораларини белгилаш тўғрисида"ги буйруғига биноан ёш оналар ва ҳомиладорлар иштирокида 550 та тиббий-маърифий тренинг машғулотлари ташкилланди.

Фуқароларнинг санитария-гигиена, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига қизиқишларини кучайтириш, интилишларини рағбатлантириш, тажрибаларни оммалаштириш мақсадида, муносиб топилган оилалар эшикларига "Ораста хонадон", "Жисмоний фаол хонадон", "Шахсий гигиенага риоя қиладиган оила", "Зарарли одатлардан холи хонадон" деб номланган стикерлар илиб қўйилди.

Тушунтиришлар, амалий профилактик ишлар самараси ўлароқ юртдошларимиз саломатликларини сақлаш, аниқланган хавф омилларини бартараф этишга аввало ўзлари маъсул эканликларини, соғлом ҳаёт кечириш заруратини англаб етмоқдалар.

– Албатта, булар денгиздан томчи, холос. Вилоятимизда соғлом турмуш тарзини устувор тамойилга айлантириш мақсадида барча дахлдор ташкилот ва муассасалар, маҳаллалар еттилиги фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ана шу хайрли интилишлар бардавом бўлиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза этишнинг барқарор қалқонига айланаверсин.

Суҳбатдош Муҳаммаджон ОБИЛОВ.