Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июнда қабул қилинган "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-283-сонли қарори соҳадаги ислоҳотларда туб бурилишнинг дастуриламали бўлди. Аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш ҳамда яқинлаштириш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган мазкур ҳужжатга биноан ташкил этилган Республика тез тиббий ёрдам марказининг Наманган ҳудудий филиали ҳам хизмат сифати, самарадорлигини тубдан яхшиламоқда.

– Президентимиз қарори тез тиббий хизматни замон талаблари асосида ташкил этиш имконини берди, уни тараққиёт йўлларига олиб чиқди, – дейди филиал директори Адҳамжон Ирисбоев. – Аввал автомбиллар алоҳида автокорхонага, шаҳар тез тиббий марказлари РШТЁИМга, туманлардагиси эса ТТБларга бўйсунган. Бошқарув тарқоқлиги туфайли кўп муаммоларга дуч келганмиз. Филиал шакллантирилгач, ягона бошқарув тизими вужудга келди.

Биринчи навбатда 1085 нафар шифокор, 3180 нафар ўрта, 243 нафар кичик тиббиёт ходими, 1312 нафар ҳайдовчидан иборат 14 та марказлашган, 124 та шохобча шакллантирилди. Улар учун сифатли хизмат кўрсатишга қулай жойларда замонавий бинолар ажратилди. Эскирган "скорий"лар ўрнида ҳар қандай турдаги шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларига эга 61 та "Волцваген" русумидаги автомобиллар, кўплаб реаномобиллар қўллана бошланди. Ёқилғи-мойлаш, дори-дармон, сарфлов материалларидаги тақчилликларга барҳам берилди.

Тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида шакллантирилган филиал автоматлаштирилган вертикал бошқарув асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу эса куч ва воситаларни бир вақтда, бир мақсадга йўналтириш имконини беряпти. Вилоят бўйича чақирув қўнғироқларини қабул қилувчи кол-марказда 44 та оператор туну кун хизмат кўрсатади. Улар кунига 7 мингга яқин чақирувларни олиб, бир дақиқа ичида шаҳар, туман, қишлоқлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларига етказишга муваффақ бўлишяпти.

– Биз тезкор ва самарали иш ташкил этишни жуда орзу қилардик. Юртбошимиз қарорлари шарофати билан орзумиз ушалди, – дейди филиал директорининг ўринбосари Абдулазиз Тошпўлатов. – Илгари чақирувни ёзиб олиш, уни ижрочиларга етказишга ўнлаб дақиқалар кетар, норозиликлар келиб чиқарарди. Кол-марказ мавжудлиги, чақирувлар электрон шаклга ўтказилгани, уяли алоқа ва интернет тармоқларига уланганимиз туфайли бу жараён учун бир дақиқа кетиб-кетмайди. Чунки чақирув ҳақидаги хабар олинган заҳоти тез тиббий хизмат бригадаларига бериб қўйилган планшетларда акс этади. Хабарни олган заҳоти бемор манзилига йўналади. Ходимлар фаолияти эса онлайн тарзда назорат қилиб борилади.

Қўнғироқ қилувчиларнинг баъзилари тиббий маслаҳат сўрайдилар. Янги тизим бу хизмат турини ҳам ўз ичига олган. Кол-марказ таркибидаги етук мутахассислар, тажрибали шифокорлар фуқарони обдон тинглаб, уни ташвишлантирган ҳолат юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берадилар.

Филиалда Наманган намунаси дейишга лойиқ тажриба қўлланмоқда. Кун мобайнида чақирувлар камлиги сабабли шаҳардаги тез тиббий ёрдам бригадалари оптималлаштирилди. Бу тежалган куч ва воситалар ҳисобига "тиғиз вақт", яъни кечки соат 18 дан эрталабки 6 гача фельдшерлик гуруҳлари икки ҳисса кўпайтириляпти. Бу билан тунги паллада тоби қочиб, мурожаат қилганларнинг ҳаммасига ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлиняпти.

Вилоятнинг энг чекка ҳудудлари аҳолиси ҳам мана шундай сифатли хизмат билан таъминланган. Жумладан, Мингбулоқ туманининг вилоят марказидан олисда жойлашган Гулбоғ қишлоғи тез тиббий ёрдам пункти 5 та маҳалладаги 10 минг 600 нафардан ортиқ фуқаронинг чақирувига туну кун ҳозиру нозир.

– 136 минг аҳоли чақирувлари учун 10 та махсус автомашина ажратилган, – дейди Мингбулоқ тумани бўлими мудири Дилбар Бўтаева. – 44 врач, 102 ўрта тиббиёт ходими марказ ва қишлоқларда кечаю-кундуз беморлар дардига дармон бўлишга шай.

Наманган-Тошкент йўлининг "Резак" тез тиббий ёрдам шохобчаси бу ердаги мингга яқин аҳоли ва йўловчиларга хизмат кўрсатади. Маскан мукаммал жиҳозланган реанимацион хона, шошилинч ёрдамга оид замонавий воситалар, барча касалликлар муолажаси учун ихтисослаштирилган реаномобиль билан таъминланган. Умуман олганда, илгари атиги битта шохобча иш юритган Қамчиқ довонида бугун ҳар бирида махсус машина, врач, фельдшери бўлган 6 та бригада фаолият олиб бормоқда.

М.ОБИЛОВ.