1991 йилда ЖССТ ва ЮНИСЕФ ҳамкорликда "Болага дўстона муносабат" ташаббусини халқаро миқёсда жорий этди. "Муваффақият билан эмизиш томон 10 қадам" амалиётини татбиқ қилиш орқали чақалоқни она сути билан улғайтиришни қўллаб-қувватлаш, эмизикли ва ҳомиладор аёллар парваришига эътиборни кучайтиришга қаратилган мазкур ғоя Ўзбекистонда ҳам амал қилиб келмоқда. Жумладан, 1 – 7 август кунлари Бутунжаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталиги ўтказилди. Унинг доирасида турли тадбирлар уюштирилмоқда. Давлатимизнинг "Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида"ги Қонуни ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг она сути билан озиқлантиришга бўлган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур Қонунда белгиланган ваколатларига кўра, она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиб, изчил амалга оширмоқда.

Вилоятимизда ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари жамоалари дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида чақалоқларни она сути билан озиқлантириш афзалликларини аҳоли ўртасида тушунтириш тадбирларини кенг миқёсда олиб бормоқда. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами ҳамда ҳомиладор, эмизикли оналарга тиббий ёрдам муассасаларининг ходимлари аёллар, оила аъзолари ўртасида болаларнинг ёши, физиологик эҳтиёжларига мувофиқ овқатлантириш, эмизикли оналарнинг ўзи тўғри овқатланиши, уларни кўкрак билан озиқлантиришга тайёрлашга илмий асосда ёндашилмоқда.

Хусусан, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали мутахассислари репродуктив ёшдаги аёллар ўртасида она сутининг фойдаси, афзаллиги, чақалоққа олти ойгача бошқа таом, ичимлик, сув бермаслик, эмизишни икки ва ундан катта ёшгача давом эттириш зарурлиги, нооқилона овқатлантириш, айниқса, сунъий озиқлантиришнинг бола соғлиғига салбий таъсирларини илмий хулоса, ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бермоқдалар. Айни пайтда шаҳар, туман бўлимлари жамоаларининг бу борадаги фаолиятлари қўллаб-қувватланяпти.

Ана шуларни ҳисобга олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мазкур давлат муассасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар масъуллари иштирокида матбуот конференцияси ташкилланди. Конференцияни РИОБСИАТМ Наманган филиали директори Райҳона Даминова кириш сўзи билан очди. Филиалнинг бош неонатологи Юлдуз Имомалиева жамоанинг диққатга лойиқ фаолияти билан йиғилганларни таништирди.

Сўнгра ВССБ ахборот хизмати мутасаддиси Феруза Атаханова матбуот конференцияси мақсад-моҳияти ҳақида гапирди.

Таклиф этилганларга мавзуга оид видеоролик намойиш этилди.

Анжуманда журналистлардан Оқилхон Дадабоев, Содиқ Сайҳун ва бошқалар сўзга чиқишди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга муассаса мутахассисларидан тегишли жавоблар ҳам олишди.

Филиал директори ўринбосари Дилноза Тиллабоева, неонатология бўлими бошлиғи Матлуба Қосимова, неонатолог Зулфия Хўжамбердиева савол-жавобларда ўртага ташланган муаммолар ечимлари юзасидан қимматли фикр-мулоҳазалар билдиришди.