Жорий йил 16 – 18 июль кунлари вилоят ҳокими – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи Шавкатжон Абдураззоқовнинг "Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар давлат тузилмалари, бошқарув органлари куч воситаларининг ҳаракатларини баҳолаш бўйича ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида"ги ФМ-13-сонли буйруғи ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг 206-сонли буйруғига биноан махсус тактик машғулотлар бўлиб ўтди.
Дастлаб Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги «Отчопар» спорт мажмуасида Фавқулодда вазиятлар вазири ва ўринбосарлари, водий вилоятлари фуқаро муҳофазаси бошлиқлари иштирокида ўтказилган видеоселекторда бу галги кенг қамровли ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқининг долзарблиги таъкидланиб, қўмондонлик, тузилма ва отрядлар тактик салоҳиятини янги андозалар даражасига кўтаришига ишонч билдирилди.
Сўнгра "Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тузилмалари, бошқарув органларининг аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлари" мавзусида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқида иштирок этувчиларнинг саф кўриги ўтказилди.
Вилоят раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари фавқулодда вазиятлар давлат тузилмалари ва қуйи функционал тизимларнинг тайёргарликларини кўздан кечириб, олдиндаги масъулиятли амалиётларни муваффақиятли бажаришлари юзасидан йўл-йўриқлар бердилар.
Тузилма ва тизимлар, ўқув машқи сценарийсига мувофиқ, вилоятнинг 17 та нуқтасида шартли табиий офат шароитида аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза этиш жараёнларига киришдилар.
Жумладан, Норин тумани маиший хизмат кўрсатиш ва сервис коллежи стадионида водий вилоятлари халоскорлари ҳамкорлигида "Кўп сонли жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам отрядида дастлабки врачлик ёрдамини кўрсатиш" мавзусидаги махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Улар тиббий разведка, қутқарув майдонларидан жабрланганларни эвакуация ва госпитализация қилиш, тиббий эвакуацияга тайёрлаш, биринчи врачлик ёрдамини кўрсатиш, дозиметрик назорат ўтказиш, юқумли ва ўткир психик-асаб бузилишига учраганларни вақтинча изоляциялаш, оддий лаборатор таҳлилларни ўтказиш, беморларни озиқ-овқат билан таъминлаш, тиббий рўйхатга олиш ва ҳисобот юритиш ишларини юқори савияда бажардилар.
Норин тумани тиббиёт бирлашмасининг тиббий ёрдам отряди оғир шароитларда ҳам бурчини талаб даражасида бажара олиш қобилиятини намоён этди. Замонавий ихтисослаштирилган автомобиллар, кўчма диагностика ва даволаш жиҳозлари, жабрланганларни жойлаштириш учун дала чодирлари, 500 киши муолажасига етгулик дори-дармон, боғлов воситалари заҳиралари билан таъминланганлиги отряднинг ўқув машқидаги муваффақияти омили бўлди.
Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Наманган филиалида "Кўп сонли жабрланганларни қабул қилишда объект раҳбарлари ва ходимларнинг ҳаракатлари, электр тармоғининг фавқулодда шикастланган қисмини аниқлаш, таъмирлаш, энергия таъминотини тиклаш" мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ташкилланди.
Кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳисобланган филиалда шошилинч тиббий ёрдамнинг катталар ва болалар учун жарроҳлик, терапевтик, педиатрик, куйиш-токсикологик ва фавқулодда ихтисослашган ёрдам каби йўналишларида хизмат кўрсатилади. Муассасада кўп сонли жароҳатланганларга биринчи врачлик ёрдами учун шароит яратилган. Ўқув машқи сценарийсига кўра, фавқулодда ҳодиса туфайли кўп сонли жабрланганлар келтирила бошланди. Шошилинч тиббий ёрдам махсус тузилмалари дастлабки муолажани бажариш, саралаш, кейинги даво босқичларга йўналтиришни фаол ва талаб даражасида амалга оширмоқдалар. Тиббий-технологик аппаратлар билан инсон ҳаётини сақлаб қолишдек ана шу тиғиз паллада электрда узилиш рўй берди. Аммо ҳар лаҳза таъминотга шай турувчи генератор уч сонияда автоматик равишда ишга тушиб, узилишни сездирмади ҳам. Бироқ мазкур манба кабулхона, реанимациялар, операцион блокни 6 соат давомида энергия билан таъминлаб туради, холос. Ҳамма гап шу вақт ичида электр тизимидаги носозликни аниқлаш, таъмирлаш ва тармоқ таъминотини тиклашда! Муассасанинг фавқулодда ҳолат отряди аъзолари зудлик билан электр корхонасига хабар бериб, ўзлари узилиш сабабини қидиришга киришдилар. Бир неча дақиқада етиб келган юқори малакали ихтисослашган гуруҳ ёрдамида муаммолар аниқланди. Нимстанцияда содир бўлган авария оқибати машаққатли ковла-ковлалардан сўнг тугатилди. Ички тармоққача келган узатгичларнинг ер остидан ўтган қисмида юз берган узилишни улашдан кўра топишнинг ўзи осон бўлмади.
Ҳамкорликдаги тезкор, оқилона ва сидқидил ҳаракат туфайли фавқулодда ҳолат бартараф этилди. Филиал фидойиларининг беморларга шифо бағишлаш, инсон умрини узайтиришдек хайрли фаолиятлари дахлсизлиги таъминланди.
М.ОБИЛОВ.