Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4790-сонли Қарори соҳани тараққий эттиришнинг дастуриламали бўлмоқда. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Қўмитаси бошқарма ва бўлимлар моддий техника базасини мукаммаллаштириш, кадрлар салоҳиятини кучайтириш, хорижий тажрибаларни татбиқ этишга жиддий эътибор қаратмоқда.
Биргина "Намунавий муассаса тақдимоти" лойиҳаси илғор тажрибаларни оммалаштиришда юксак самара касб этмоқда. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри бўлимлари мисолида бугунги кун санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими намунаси ҳавола этилган эди. Тадбир соҳа мутасаддилари фаолиятида кескин бурилиш ясади.
"Намунавий муассаса" мақомига эришиш иштиёқи Наманган вилояти бошқармаси ва унинг бўлимлари жамоаларини ҳам фаолликка чорлади. Кейинги икки йил ичида бошқарма ва ҳудудий бўлимларнинг санитария-гигиена, паразитология, санитария-бактериология, вирусология лабораторияларига 7,2 миллиард сўмлик замонавий аппаратуралар ва таҳлил жиҳозлари олинди.
Қиймати 10 миллиард сўмликдан зиёд замонавий ўлчов, текширув воситалари келтирилди.
Республика ҳукумати, вилоят ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қўмитанинг ана шундай қўллаб-қувватлаши, амалий ёрдами натижасида, муассасада янги лаборатор-инструментал текшириш усуллари йўлга қўйилди. Аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш ҳамда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши вакцинация жараёнида совуқлик занжирига амал қилиш борасида қулайлик яратиш мақсадида ҳудудий бўлимларга "Дамас", "Чанган", "ЖАК", "Нексия-3", "Лада веста", "Рено-дустер" каби автотранспорт воситалари билан таъминланди.
"Ташаббусли бюджет" лойиҳасида қўлга киритилган 15 миллиард сўм маблағ ҳисобига вилоят бошқармаси, Косонсой, Наманган, Чуст, Поп, Тўрақўрғон туман бўлимлари бино-иншоотларига қуёш панеллари ўрнатилди. Лойиҳалар асосида реконструкция, таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, лабораторияларни ҳалқаро стандартлар асосида ривожлантириш мақсадида вилоят бошқармаси ва Учқўрғон тумани бўлимлари лабораториялари ҳалқаро аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, яқин кунлар ичида яна Уйчи ва Поп туманлари бўлимлари лабораториялари ҳалқаро аккредитациядан ўтказилиши кутилмоқда.
Қўмита томонидан моддий техника базасининг мукаммаллиги, мутахассислар кўникма ва малакасининг юқорилиги, оқилона бошқарув ва юксак самарадорлик билан республикада юқори ўринларда бораётган Уйчи ва Учқўрғон туманлари бўлимлари тажрибалари оммалаштиришга лойиқ деб топилди. Кўргазмали семинар тарзида йўлга қўйилган навбатдаги тақдимот мазкур туманларда ташкил этилди. Унга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Қўмитасининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош давлат санитария врачлари, туман, шаҳар бўлимлари бошлиқлари, етакчи мутахассислар таклиф этилди. Иштирокчилар мазкур бўлимлар жамоаси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида амалга ошираётган ишлар, техник-технологик имкониятлар, лабораториялар самарадорлиги, "Маҳаллабай ишлаш", "Яшил макон умуммиллий лойиҳаси" йўналишларида эришган тажрибалар билан яқиндан танишдилар.