Болалар – бизнинг келажагимиз. Улар соғлом ва баркамол улғайишлари учун мамлакатимизда барча шароитлар муҳайё. Ҳар бир фарзанд саломатлиги, таълим олишидан тортиб, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва мароқли ҳордиқ чиқариши давлатимиз эътиборида.

Яқинда Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши ҳамда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаментининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкилланди.

Унда "Мактаб ўқувчиларининг ёзги соғломлаштириш мавсуми қандай ташкил этилмоқда?" деган саволга атрофлича жавоб олдик. Ёзги оромгоҳларда бўлиб, болалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдик.

Пресс-турнинг илк манзили Чуст тумани, сўлим Ғова қишлоғида жойлашган "Меҳржон" болалар соғломлаштириш оромгоҳи бўлди. Ўғил-қизлар меҳмонларни кўтаринки кайфиятда кутиб олдилар. Улар шўх рақслари, она-Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари ва шеър­лари билан барчага хуш кайфият улашдилар. Айниқса, Поп туманидан келган ҳарбий оркестр жамоасининг концерт дас­тури эртамиз эгаларининг қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини янада авжлантирди. Буни уларнинг ёниб турган нигоҳларидан илғаш қийин эмасди.

– Наманган шаҳридан укам ва синглим билан келдик, – деди 13 ёшли Афрўза Иброҳимова. – Бизга бу ернинг шароитлари жуда ёқди. Ҳавоси салқин. Тарбиячилар меҳрибон. Кўплаб дўстлар орттирдик. Экс­курсиялар, концертлардан таш­қари, спорт тўгараклари, шахмат-шашка мусобақаларида қатнашяпмиз. Кутубхонадан эртак китобларини олиб ўқияпмиз.

"Меҳржон"да болаларнинг саломатлиги ҳам доимий эътиборда экан.

– Бадантарбия машғулотидан сўнг ҳар бир бола тиббий назоратдан ўтказилади, – дейди олий тоифали шифокор Ўткир Зоитов. – Болалар ўйнаб, терлаб сув ичиб қўйишлари, бунинг натижасида қулоқ ва томоқ аъзоларида шикастланиш кузатилиши мумкин, шунинг учун кунлик тиббий кўрик жудаям зарур. Болаларга бўш вақтларида тиббий маданият, юқумли касалликлардан сақланиш ҳақида, соғлом турмуш тарзи ва гигиеник қоидалар тўғрисида ҳам тушунчалар бериб боряпмиз.

"Нима учун овқатланишдан олдин қўлни совунлаб, кафтлар ораси билан яхшилаб ювиш, сўнг­ра таом тановул қилишимиз керак? – деган саволимизга Маржона қуйидагича жавоб берди.

– Қўлимизни тоза ювмасдан овқатланишимиз асло мумкин эмас. Агар биз қўлимизни ювмай тамадди қилсак, ифлос қўллар касаллигига чалинамиз. Шунинг учун доимо тозалик қоидаларига риоя қилишимиз керак.

Пресс-тур Косонсой туманидаги "Соҳил" болалар соғломлаштириш оромгоҳида давом этди. Бу ерда ёш ватанпарварлар учун ташкилланган маънавий-маърифий анжуман устидан чиқдик. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳриддин Раҳматов, хонанда Салоҳиддин Азизбоев, "Тонг юлдузи" газетаси бўлим муҳаррири, шоир Аҳтамқули Каримов ва бош­қалар болаларга жўшқин кайфият улашди. Тадбир давомида пойтахтлик меҳмонларнинг саволларига бийронлик билан жавоб бериб, фаол иштирок этган ўғил-қизларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Қўшни қирғиз диёри билан чегарадош ҳудудда жойлашган оромгоҳнинг мафтункор табиати, гўзал манзараси нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам мафтун этгани бежиз эмас экан.

– Набираларим учун "Соҳил" оромгоҳини танлаб адашмаган эканман, – дейди учқўрғонлик Моҳинисо Муродова. – Жуда гўзал жойлар, шароитлари ҳам аъло экан. Набираларимнинг юз-кўзларидан хурсандлигини кўриб, Худо хоҳласа, янаги йил ёз мавсумида ҳам улар учун яна шу оромгоҳга йўлланма олишни дилимга тугиб қўйдим.

Моҳинисо опанинг сўзларида жон бор. Комилжон Нортожиев раҳбарлик қилаётган мазкур оромгоҳ уч мавсумда ўқувчиларни қабул қилади. Ҳар мавсумда 165 нафардан бола мана шу масканда ёзни соз ўтказмоқдалар. 7 нафар тарбиячи, 5 нафар етакчи, 1 нафар сузиш бўйи­ча мураббий ва бош­қалар болаларнинг ёзги таътилини мароқли ва мазмунли ўтишига ўз ҳиссаларини қўшяптилар. Тиббиёт ходимлари – бир нафар ҳамшира ва бир нафар врач эса туну кун болалар билан ёнма-ён. Улар болажонлар саломатлигини назорат қилиб, беминнат хизматларини аямаяптилар.

– Мавсум давомида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган ўғил-қизларни бир-икки кун мослаштириш жараёни бўлади. Халқ тили билан айтганда, об-ҳаво бироз илғаши мумкин. Шунинг учун биз тиббиётчилар ҳушёр ва сергак турамиз, уларнинг истималаб қолишларига йўл қўймаслик учун профилактикани кучайтирамиз. Ҳар куни, ҳар бир болани тиббий кўрикдан ўтказамиз, шикояти бўлса, керакли муолажаларни ўтказамиз, – дейди олий тоифали ҳамшира Райҳона Қосимова.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, оромгоҳларга киришдан олдин болалар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади ва гуруҳларга бўлинади.

– Бу йилги мавсумда мактаб ўқувчиларининг ёзги соғлом-лаштириш мавсумини намунали тарзда ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. "Нанай", "Оби ҳаёт", "Бинафша", "Соҳил" "Норин", "Меҳржон", "Заркент" сингари болалар соғломлаштириш оромгоҳлари уч ва тўрт мавсум давомида болаларга бағрини очган, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаментининг Наманган вилояти бош­қармаси бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов. – Бошқарма тасарруфидаги барча ёзги дам олиш масканлари қайта жиҳозланиб, болаларга мўлжалланган ётоқхона, шинам ошхона, компью­тер хонаси, бассейн, кичик футбол майдони ҳамда 22 минг дона китоб фондига эга бўлган кутубхоналар билан таъминланди. Ҳозирда барчаси ўғил-қизларимиз ихтиёрида. Оромгоҳларга мавсумий педагог кадрлар танлаб олинган, улар болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга яқиндан кўмаклашмоқдалар. Ҳар бир оромгоҳда кунлик тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, ўғил-қизлар "Ёш ижодкор", "Ёш ватанпарвар", "Ёш ихтирочи", "Ёш китобхон", "Ёш конструкторлар" каби тўгаракларда бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқдалар. Шунингдек, болаларда ватанпарварлик туйғусини ошириш мақсадида оромгоҳларга яқин ҳарбий қисм, миллий гвардия, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаларидан ходимлар таклиф этилиб, ўзларининг жанговар кўринишлари билан иштирок этишмоқда.

Бундан ташқари, оромгоҳларда кўнгилочар тадбирлар, "Заковат", "Қувноқ стартлар" соғломлаштириш ўйинлари, "Мен севган эртак қаҳрамони" расмлар танлови, "Эртаклар – яхшиликка етаклар" шиори остида маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Пресс-тур давомида болалар оромгоҳларида улар учун яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишар эканмиз, фарзандларимиз келажаги буюк, истиқлолли юртнинг чин иқболли болалари эканидан яна бир бор фахрландик.

Манзура ЭРГАШЕВА,

журналист.

Суратларни Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган.