Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкилланган ҳуқуқий тадбир ҳам мазкур ойлик доирасида бўлиб ўтди. Унда вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов олиб борди. У кириш сўзида оммани ташвишга солаётган жиноятчиликнинг янги туридан огоҳ бўлиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув Департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Муҳаммадбобур Содиқов ва Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлими бошлиғи Бахтиёр Тожибоевлар "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги"нинг мақсади, амалга оширилаётган ҳуқуқий тадбирлар хусусида батафсил маълумот беришди.
Интернет тармоқларида кенг тарқалган фирибгарлик турлари ҳақли равишда аҳоли вакилларини жиддий ташвишга солмоқда. Жумладан, трайдерлик, пул маблағларини кўпайтириб бериш билан алдаш, шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиш, ҳар хил акциялар, совринли ўйинлар ва жуда кам фоизли онлайн микроқарзлар таклиф этиш орқали фойдаланувчи банк карталари кодини қўлга киритиш, онлайн савдо платформалари ҳамда телеграм канал орқали товар сотиш баҳонасида сохта wеб-саҳифа орқали карта маълумотларини билиб олиш кабилар шулар жумласидандир.
Тадбирда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва фирибгарларнинг тузоғига илиниб қолмаслик учун ҳушёрликни янада кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди.