Ортиқча қоғозбозлик... Узундан-узун навбатлар... Тиббий хизматлар кўрсатишдаги узилишлар... Ҳамюртларимизни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган бу муаммоларнинг ягона оқилона ечими – соҳани рақамлаштириш.

Шу боис, сўнгги йилларда юртдошларимизга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, шифокорларни ортиқча бюрократик юкламадан халос қилиш мақсадида тиббиёт соҳасига илғор рақамли технологияларни жорий этиш бў­йича салмоқли ишлар бажарилмоқда.

Хусусан, яқинда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида "Элек­трон поликлиника", "Электрон стационар" ва "Электрон рецепт" тизимлари шу йил охиригача тўлиқ йўлга қўйилиши таъкидланган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон платформасининг "Вазиятлар маркази" очилиши ушбу тизимларни ўзаро интеграция қиладиган асосий платформа вазифасини бажаради.

Марказнинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А.Худаяров, Рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умарова, Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Қайд қилинганидек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш орқали бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-тамойилларни қисқартириш, аҳолига хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорликда қатор лойиҳалар устида иш олиб бориляпти.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 декабрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган Янги Ситуацион марказ – шулардан бири. Хўш, ишга туширилган ушбу тузилма тиббиёт ходимлари ва юртдошларимизга нима беради?

Энг аввало, марказнинг ташкил этилиши натижасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми йўлга қўйилади.

Марказ жойлардаги ахборот тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб, унда республикадаги 1700 дан ортиқ тиббиёт муассасаларининг маълумотлар базасини реал вақт режимида кўриш ва таҳлил қилиш имконияти мавжуд.

Маълумки, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 50 дан ортиқ ахборот тизимлари мавжуд бўлиб, улар ўртасида ўзаро интеграциялашув бўлмагани соҳадаги энг катта муаммолардан бири эди. Кўрилган чоралар натижасида ҳозир ўзаро интеграциялашув 30 фоизни ташкил қилмоқда. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 70 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Қолаверса, бирон-бир ахборот тизимида носозлик, техник узилиш юзага келса, уни шифокор ёки ҳамшираларни овора қилмасдан, марказ орқали тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, янги тизим беморлар тиббиёт муассасаларида узундан-узун нав­бат кутмасдан, шифокор қабулига онлайн ёзилиши, улар томонидан скрининг ва текширувларни ўтказиш жараёнларини ташкил этишда бош платформа бўлиб хизмат қилади.

Албатта, ахборот тизими жорий этилдими, унинг хавфсизлиги таъминланиши зарур. Бунинг учун вазирлик томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда киберхавфларни аниқлаш ва уларга тезкор чоралар кўриш, беморларга оид шахсий маълумотлар махфийлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, учинчи шахслар улардан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланишининг олдини олиш чоралари кўрилди.

Тиббиётни рақамлаштириш борасида ҳали кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиши режалаштирилган. Янги "Вазиятлар маркази" эса бу борада ўзига хос пойдевор вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.