Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази
Наманган филиали директори Баҳриддин СИДДИҚОВ билан суҳбат.
– Баҳриддин Фазлиддинович, "Томчида қуёш акс этади", деган ҳикматга ҳамоҳанг йилнинг биринчи ярми натижаларининг ўзида ҳам эндокринологик хизмат тараққиётидаги залворли одимлар намоён бўлиб турибди.
– Бу, умуман, Янги Ўзбекистон, жумладан, Наманган тиббиётига ҳам тўла тааллуқли фикр. Президентимиз 2022 йил 18 март куни тиббиёт вакиллари билан ўтказган учрашувида олға сурган ҳаётбахш ғоялари, кўрсатмалари соғлиқни сақлаш ходимлари қалби ва онгини янгилади, инсон қадри учун дадил курашга чорлади. Филиал жамоаси фаолиятнинг барча соҳаларида юқори кўрсаткичларга эришаётган экан, бу муҳтарам Юртбошимиз даъватларига муносиб бўлишга интилишимиз самарасидир.
Хусусан, эндокринология ёрдами кўрсатиш миллий дастурига биноан қандли диабетга чалинган беморларнинг онлайн-реестри яратилди, тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва клиник протоколлар тўла жорий қилинди.
– Тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш талаб ва тамойилидан келиб чиқиб, эндокринологик хизматни янада такомиллаштириш борасидаги сайъ-ҳаракатларга ҳам тўхталсангиз.
– Вилоятимизнинг 13 та шаҳар ва туманида 34 нафар эндокринолог иш бошлади. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда врач-эндокринолог хоналари вужудга келди. Улар бу турдаги касалликларни аниқлаш, ташхислаш ва даволашда қўлланиладиган асбоб-ускуна, тиббий жиҳозлар, интернет тармоғига уланган компьютер жамламалари билан таъминланган.
Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг ички касалликлар бўлимлари негизида эндокринологик хасталик билан оғриган беморларни даволаш учун 120 та ўрин ажратилди.
Ҳудудлардаги эндокринологлар ва оилавий шифокорларга мунтазам равишда илмий-услубий, ташкилий жиҳатдан ёрдам бериш мақсадида филиалнинг етакчи мутахассислари масъул этиб бириктирилди. Улар аҳолини эндокринологик скрининглардан ўтказиш, қандли диабет аниқланганларни диспансер ҳисобига олиш, диабетолди аломати борлар рўйхатини юритиш, тиббий маслаҳатлар бериш, эндокринологик даволаш стандарти ва клиник протоколларини қўллашда яқиндан кўмаклашмоқдалар. Шунингдек, масъуллар махсус дори-дармонлар, глюкометр ва тест япроқчалари таъминоти, лаборатория хизмати, шифокор олди кўриги хонаси, бир кунлик стационар, ихтисослашган ўринлардан фойдаланиш назоратини ҳам олиб боришяпти. Айни пайтда, тиббий бригадалар, патронаж ҳамширалар ва амалиётчи ҳамшираларнинг билимини ошириш учун маҳорат дарслари, семинарлар ўтказмоқдалар.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 105-сонли буйруғига асосан тез тиббий ёрдам филиалларида бир кунлик кузатув ўринлари ташкилланди. Уларга туманлардаги врач-эндокринологлар масъул этиб тайинланди.
– Президентимиз ташаббуси билан жойларда тиббий кўриклар ўтказиш тизим сифатида шаклланди. Бу тадбир ўтган ярим йилда сиз раҳбарлик қилаётган филиал ходимлари учун ҳам доимий анъанага айланди.
– Дарҳақиқат, Юртбошимизнинг "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 102-сонли қарорига асосан тиббий кўриклар сифат ва самарадорлиги тубдан яхшиланди. Олти ойда вилоят бўйича 516 мингдан зиёд 40 ёшдан ошганлар қандли диабет скринингларидан ўтказилди. Уларнинг 13 минг 500 нафарида диабетолди ҳолати, 3850 дан ортиқ фуқаро эса биринчи марта шу дардга чалингани маълум бўлди. 12 минг 800 нафар семизликдан азият чекаётганлар рўйхатга олинди. Текширилганларнинг ҳар бири тегишли муолажаларга жалб этилди, тиббий тавсия ва маслаҳатлар берилиб, мутахассис кузатувлари тайинланди.
– Тадқиқотчилар айрим касалликлар қаторида эндокринологик хасталиклар ҳам "ёшариб" бораётганидан огоҳ этмоқдалар. Бу филиал жамоасининг ҳам масъулиятини янада оширган бўлса керак?
– Албатта. Вилоятимизда қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган 250 нафар болалар ва ўсмирлар бор. Улар ўтган ойлар давомида 1554 дона "Лантус" ва 1220 дона "Апидра" инсулинлари, глюкометр, тест япроқчаси билан филиал дорихонаси орқали бепул таъминланди. Қандли диабетнинг биринчи тури қайд қилиниб, диспансер ҳисобида турган 18-25 ёшдаги беморларга 1268 қути "Ринглиз", 1230 қути "Ринглар" аналог инсулинлари, 27 дона "Ринсопен", 9 дона "Растан" шприц-ручкаси, 20 га яқин "Генотропин" номли ўсиш гормонлари тарқатилди.
Қандли диабетнинг биринчи тури юзасидан ҳисобда турувчи 0-6 ҳамда 7-18 ёшдаги 258 нафар ўғил-қизимизга эса 58 қути "Левемир", 75 қути "Новорапид" аналог инсулинлар бепул етказилди.
– РИЭИАТМ Наманган филиали мамлакатимиздаги етакчи шифо масканларидан бирига айланди. Ярим йиллик якунларига кўра поликлиника ва стационар жамоаларининг фидокорона меҳнати нималарда кўринади?
– Муболағасиз айтиш мумкинки, филиалнинг олим-шифокорлари, врачлари, лаборантлари, ҳамширалари бир жону бир тан бўлиб, эндокринологик касаллик боис ҳисобда турган 38 минг нафардан зиёд юртдошимизнинг саломатлигини назорат қилишга, яхшилашга бевосита ва билвосита ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Уларнинг 5956 нафари филиалда даволанди. Бир неча минг киши амбулатор-поликлиника шифокорларидан нажот топдилар.
Филиал мутахассисларининг скрининг текширувларини ўтказишдаги фидойиликларини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Улар томонидан 2421 нафар фуқарода эндокрин жараён ўрганилди. 71 киши илк марта қандли диабетга учрагани, 134 фуқарода диабетолди ҳолати мавжудлиги аниқланди. 556 кишида гипертония, 459 кишида семизлик, 314 кишида ортиқча вазн қайд этилиб, барчаларига даво чоралари қўлланди, соғлиқларидаги муаммолардан қутулишлари учун зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, эндокринологлар фаолиятнинг доимий самарадорлиги давлатимиз томонидан муҳайё этилган қулай замонавий шароит, илғор диагностика ва даволаш воситалари туфайлидир. Биргина физиотерапия бўлимида 12 турдаги физиотерапевтик аппарат мавжуд. Бу 2268 нафар беморни даволашда муҳим роль ўйнади. Лабораториямиздаги 24 хил анализаторлар мураккаб турдаги 76 хил клиник, биохимик ҳамда 17 хил гормонал текширувларни ўтказиб, аниқ ташхислаш имконини бермоқда.
Филиал билан РИЭИАТМ ўртасида телемедицина тармоғи ўрнатилган. Ташхислаш ва муолажа белгилаш мураккаб бўлган 65 кишининг ҳолатини аниқ баҳолаш учун тезкор равишда марказ олимлари билан шу тармоқ орқали кенгашгач, ўша беморларни муваффақиятли даволашга эришдик.
– Ҳа, Янги Ўзбекистон янги тиббиёт моделини яратиб, ойдан-ой, йилдан-йил такомиллаштирмоқда. Бу шарафли ният, муқаддас мақсад рўёби учун сидқидилдан жон куйдириб хизмат қилаётган шифокорларингизга бундан буён ҳам омадлар ёр бўлсин! Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатдош Муҳаммаджон ОБИЛОВ.